Жаҳон | 09:37 / 30.12.2019
8071
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг Twitter’даги аккаунти вақтинчалик блоклаб қўйилди

Фото: Washington Post

Ўтган дам олиш кунлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг унга қарши импичмент жараёни бошланишига асос бўлган ахборотни берган эҳтимолий хабарчи шахси ошкор қилинган твити Twitter компанияси томонидан блокланди.

Шундан кейин Трамп компанияни ушбу блоклаш миллионлаб фойдаланувчилар аккаунтларига таъсир қилганлигида айблаган. 

28 декабрда АҚШ президенти эҳтимолий хабарчининг исмини ошкор қилган твити ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан йўқолиб қолган. Бироқ эртаси куни хабар айғоқчининг исми олиб ташланган ҳолда яна пайдо бўлган.

Twitter буни “тизимдаги носозлик” билан тушунтирган. Таъкидланишича, ушбу носозлик вақтида баъзи фойдаланувчилар, жумладан президентнинг аккаунтларига зарар етган.

Компания матбуот котибининг таъкидлашича, Twitter сиёсатига кўра, инсон, жумладан яширин хабарчи ҳақидаги шахсий маълумотни ошкор қилувчи твитлар компания қоидаларининг бузилиши ҳисобланади. Шу билан бирга, таъкидланишича, исмлар шахсий маълумотлар сирасига кирмайди.

Демократлар, баъзи республикачилар ва АҚШ разведкаси аъзолари яширин хабарчининг шахсини ошкор қилишга уринишларни ноқонуний деб атаб, бунга қатъий эътироз билдиришган.

Аввалроқ маълум қилинганидек, хабарчи Трампнинг Украина президенти Владимир Зеленский билан илк телефон суҳбатида АҚШ президенти томонидан украиналик ҳамкасбига босим ўтказишга уриниш аломатлари бор деб ҳисоблаб, суҳбат ҳақида тегишли идораларга хбар берган. Айнан шу маълумот Трампга қарши импичмент жараёни бошланишига сабаб бўлган.

Мавзуга оид