Инновацион ривожланиш вазирлиги Kun.uz`нинг «Оптимист» лойиҳаси қаҳрамони, электромонтаж мутахассиси Жаҳонгир Маҳкамовни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Вазирлик ахборот хизматидан маълум қилишларича, Жаҳонгир Маҳкамов сентябрь ойи бошида вазир Иброҳим Абдураҳмоновнинг қабулида бўлган.
«Шундан сўнг у яратган ишланмалар – доимий қувватга эга электродвигатель, қуруқ зарядли ва тез тикланувчи аккумулятор ҳамда ток кучайтиргич вазирлик томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди. Қабул давомида Ж.Маҳкамовнинг ихтироси аҳамиятини инобатга олган ҳолда, И.Абдураҳмонов мазкур ихтирони стартап танлови талабларига жавоб берадиган тартибда расмийлаштиришга ёрдам бериш ҳақида кўрсатма берган», – дейилади расмий билдиришда.
Қайд этилишича, ишчи гуруҳ Чиноз туманига бориб, ихтирочи томонидан тақдим этилган ишланмаларни дастлабки кўрикдан ўтказишган. Гуруҳ «Ўзбекэнерго» илмий-техник маркази лаборатория мудири, т.ф.д., проф. Тўлаган Камолов, И.Каримов номидаги ТДТУнинг «Электрик машиналар» кафедраси профессори, т.ф.д. Камолиддин Олимхўжаев ва кафедра мудири т.ф.д. Олимжон Тоиров, Тошкент темир йўл муҳандислари институти кафедра мудири Усан Бердиев, «Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ конструкторлик бюроси мудири Шерзод Аҳмедов ва технологик бўлими мудири Сайфиддин Асамов, Инновацион ривожланиш вазирлиги бўлим бошлиғи Мирзиёд Мирсаитовдан иборат бўлган.
«Бунда намойиш этилган ишланмалар амалда ишлаши кузатилди, шу боисдан барча прототипларни комплекс равишда синовдан ўтказиш зарур, деган қарорга келинди.
Шу муносабат билан, 27 сентябрь куни Турин политехника университетида Жаҳонгир Маҳкамов иштирокида унинг ихтиролари синовдан ўтказилди. Синов натижасида Маҳкамовнинг ихтиро қилган қуруқ зарядли аккумулятори тез заряд олиши (3-4 дақиқа атрофида) ҳамда енгил вазнга эга бўлиб туриб (3,5 кг) қийинчиликсиз автомобилнинг двигателини қўзғата олгани ишчи гуруҳ ва Турин политехника университети ходимларининг умумий қизиқишини уйғотди.
Шунингдек, Тошкент темир йўл муҳандислари институти лаборатория стендида қуруқ зарядли аккумуляторни заряд олиш ва заряд тугаши вақти ўлчанди. Олинган натижаларга кўра, 8та циклда аккумуляторнинг қувват олиш ва қувватсизланиш жараёнларининг барқарорлиги аниқланди. Ишчи гуруҳ томонидан каттароқ циклларда (5000 мартагача) синов ўтказиш лозимлигини ва прототипнинг кимёвий таркибини батафсил ўрганиш зарурлиги ҳақида хулоса чиқарилди», – дейилади вазирлик ахборотида.









