Жаҳон | 12:15 / 02.01.2020
11030
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда чет элликлар учун мажбурий рўйхатдан ўтиш бекор қилинди

Фото: REUTERS/Pavel Mikheyev

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда 30 кунгача бўлган барча тоифадаги чет эл фуқароларини вақтинча рўйхатдан ўтказишни бекор қилмоқда, деб хабар берди Informburo.kz маҳкама матбуот хизматига таянган ҳолда.

Миграция қонунчилигига тегишли ўзгартиришларни 2019 йил 28 декабрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев имзолаган. Улар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан 10 кун ўтгач кучга киради.

Қабул қилувчи томон миграция хизматини чет эллик меҳмон мамлакат ҳудудига кирган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида хабардор қилиши шарт.

Агар чет эл фуқароси Қозоғистонда 30 кундан кўпроқ вақт давомида қолишни режалаштирса, унда қабул қилувчи томон (меҳмонхоналар, хостеллар, ижарага олинган квартиралар, тиббий муассасалар ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслар) меҳмонга вақтинча яшаш рухсатномасини расмийлаштириб беришлари шарт бўлади. 

Бундан олдин, Ўзбекистонда чет элликларни рўйхатдан ўтказиш бекор қилиниши хабар берилганди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида президентнинг «Туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 июлдан бошлаб виза (визасиз) режим муддати ичида, аммо 30 кундан ошмаган ҳолда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилишини бекор қилиш режалаштирилмоқда.

Мавзуга оид