Жаҳон | 09:20 / 05.01.2020
121369
3 дақиқада ўқилади

«Америкага ўлим!»: Шиалар генерал Сулаймоний билан видолашмоқда ва турли давлатларда намойишлар ўтказишмоқда

Бутун дунёдаги шиалар жума куни Бағдодда америкалик ҳарбийлар томонидан ўлдирилган эронлик генерал Қосим Сулаймоний билан видолашди ва АҚШга қарши намойишлар ўтказишди. Шанба куни дафн маросими жараёнида генералнинг тобути ортидан юрган минглаб кишилар «Америкага ўлим!» шиорини ҳайқириб ўтишди.

Бағдодда минглаб одамлар генерал Қосим Сулаймоний билан видолашув маросимида иштирок этди.

Эрон ташқи сиёсатидаги асосий стратег ва архитектор бўлган генерал Сулаймоний АҚШ президенти Дональд Трампнинг фармойиши билан йўқ қилинди, у генерални «жаҳондаги биринчи рақамли террорчи» деб атаган.

Дипломатлар, сиёсатчилар ва экспертлар Яқин Шарқда вазият янада кескинлашишини ҳамда Америка-Эрон қарама-қаршилиги кенг кўламли урушга айланиб кетиши мумкинлигини тусмол қилишмоқда.

Сулаймонийдан ташқари Бағдодда у билан бирга ўлдирилган Ироқ шиаларининг «Катаиб Ҳизбуллоҳ» гуруҳи раҳбари Абу Маҳди ал-Муҳандис билан хайрлашув маросими ўтказилди. 

Хайрлашув маросими шанба куни Бағдоддаги яшил ҳудудда (Ироқ пойтахтидаги қаттиқ қўриқланадиган ҳудудда - Америка элчихонаси шу ерда жойлашган) бошланди. Бу ердан намойишчилар Ироқдаги шиалар учун муқаддас ҳисобланган Карбалога ва ал-Муҳандис дафн қилиниши мўлжалланган Ан-Нажаф шаҳрига йўл олишди.

Кўплаб одамлар қўлида Ироқнинг Халқ сафарбарлик кучлари гуруҳи байроқлари бўлган. Одамлар АҚШ ва Исроилга қарши шиорларни ҳайқиришган.

Ижтимоий тармоқда америкаликлар томонидан ўлдирилган генерал сўнгги йўлга «Шевроле» (АҚШнинг General Motors автоконцерни маҳсулоти)да кузатилганига эътибор қаратган.

Эронда генерал миллий қаҳрамонга айланди. У билан хайрлашиш учун миллионлаб кишилар кўчаларга чиқмоқда.

Эронлик полициячилар БМТнинг Теҳрондаги офиси олдига генералнинг портретларини кўтарган ҳолда тўпланишди. 

Бошқалар масжидларда ибодат қилишди.

Намойишлар Покистонгача етиб борди: Лаҳордаги шиалар Америка ва Исроил байроқларини ёқишди.

Кашмирда ҳам давом этди.

Сулаймоний, ал-Муҳандис ва улар билан бирга бўлган яна саккиз киши 3 январь куни Бағдоддаги аэропорт яқинидаги машиналарга АҚШ томонидан ракета зарбаси берилиши оқибатида ҳалок бўлган эди. Пентагон Сулаймоний Яқин Шарқдаги Америка фуқароларини ҳимоя қилиш мақсадида АҚШ президенти Дональд Трамп кўрсатмасига асосан ўлдирилганини маълум қилди.

Трампнинг ўзи Сулаймонийни жаҳондаги биринчи рақамли террорчи деб атаб, унинг миллионлаб одамлар, хусусан, минглаб америкаликлар ўлими ва жароҳатлари учун жавобгар эканини таъкидлади. Эрон раҳбарияти эса Сулаймонийнинг ўлдирилишини «уруш эълон қилиш» деб атади ва АҚШдан ўч олишга ваъда берди.

Генералнинг жасади шанба оқшомида Эронга жўнатилди. Якшанба куни у аввал Машҳадга, кейин Теҳронга олиб борилади, у ўзи туғилган шаҳар Кирмонда сешанба куни дафн этилади.

Мавзуга оид