12 феврал куни Ўзбекистон Ҳарбий судида президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга уюштирилган суиқасдга оид жиноят иши доирасида 10 нафар шахсга нисбатан суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.

Олий суд матбуот хизмати маълум қилишича, Шуҳрат Расулов 23 йил, Жавлон Юнусов 18 йил-у 6 ой, Шоҳрух Аҳмедов 23 йил, Исмоил Жаҳонгиров 23 йил ва Дониёр Тошхўжаев 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Яна 5 нафар судланувчига қилмишига мувофиқ равишда турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Хабарда қўшимча тафсилотлар келтирилмаган.

Жавлон Юнусов — иш бўйича исми очиқ эълон қилинган ягона айбланувчи бўлганди. ОАВ маълумотига кўра,  у суиқасд буюртмачиси ва ижрочилар ўртасида воситачилик қилган бўлиши мумкин.

Комил Алламжоновга суиқасд

2024 йил 30 сентябргача Ўзбекистон президенти администрациясида Ахборот сиёсати департаментини бошқариб келган Комил Алламжонов 26 октябрга ўтар кечаси Қибрайдаги ўз уйи яқинида ҳужумга учради: у ўтирган машинага бир неча бор ўқ узилган. Ҳодисада Алламжоновнинг ўзига шикаст етмаган. Шу куни ҳодиса бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Эртасига, 27 октябр куни биринчи гумонланувчи ушлангани маълум қилинди. Бош прокуратура 25 ноябр кунги баёнотида қўлга олинганлар сони 7 киши эканини маълум қилди, улардан фақат бир нафарининг шахсини очиқлади: бу – Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган Жавлон Юнусов. Баёнотда яна бир гумондор Қозоғистонда қўлга олингани маълум қилинган.

Ноябр ойида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги тизимида бир қатор юқори лавозимли амалдорлар, хусусан ДХХ раҳбари Абдусалом Азизов ҳамда Тошкент шаҳри ИИББ бошлиғи биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев