Қонунчилик палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси киритилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девони масъул ходими Азмиддин Наимовнинг ёзишича, “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Қонун 1996 йилда қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган.
31 моддадан иборат амалдаги қонуннинг 15 та моддаси бугунги кунда ўз кучини йўқотган.
Амалдаги қонунга кўра, маъмурий-ҳудудий тузилиш билан боғлиқ масалаларда давлат органларининг ваколатлари, давлат бошқаруви органларининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларидаги иштироки кўрсатилмаган эди.
Янги ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси 9 та боб ва 46 та моддани ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилишининг асосий таомилларини белгилаш, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий – ҳудудий тузилишининг таркибий қисмларини қонуний нормалар орқали мустаҳкамлаш, маъмурий – ҳудудий тузилиш масалаларининг давлат томонидан тартибга солинишини амалга оширувчи органлар ва уларнинг ваколатларини белгилаш қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади. Лойиҳада давлат органларининг ваколатлари алоҳида моддаларда белгиланмоқда.
Амалдаги қонунда маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини босқичма-босқич ҳал этиш тартиби кўзда тутилмаган бўлиб, қарор қабул қиладиган органни белгилаш билан чекланилган холос. Шунингдек, қарор қабул қилиш жараёнида келиб тушган таклифларни экспертизадан ўтказиш масалалари батафсил кўрсатиб ўтилмаган эди. Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида эса маъмурий-ҳудудий тузилиш билан боғлиқ масалаларни босқичма-босқич ҳал этиш тартиби белгилаб қўйилмоқда.
Лойиҳада маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини ҳал этиш учун тайёрланадиган ҳужжатлар рўйхати аниқ келтирилиб, таклифни қабул қилиш натижасида келиб чиқадиган харажатлар ва уларни қоплашнинг манбалари кўрсатилиши каби масалалар ўз аксини топмоқда.
Бундан ташқари, амалдаги қонунда давлат органларининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалаларини кўриб чиқишда ва юқори ташкилотга таклифларни юборишда муддатлар белгилаб берилмаган эди. Янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида давлат органларининг маъмурий-ҳудудий тузилиш масалалари бўйича илтимосномаларини кўриб чиқиш ва юқори ташкилотга таклифларни киритиш муддатлари аниқ қилиб кўрсатилмоқда.

















