Ўзбекистон | 12:24 / 11.01.2020
146482
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Гулнора Каримова яшаш манзилларида топилган санъат ашёлари ҳақида баёнот берди

Фото: pinterest.com/realgoogoosha

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Адлия вазирлиги томонидан тегишли соҳа идоралари иштирокида Швейцария, Франция, Россия Федерацияси, Латвия ва бошқа давлатлар ваколатли идоралари билан ҳамкорликда Гулнора Каримова томонидан жиноий йўл билан қўлга киритилган активларни қайтариш масаласида муайян ишлар олиб борилмоқда. Бош прокуратура бу ҳақда расмий баёнот берди.

Қайд этилишича, Швейцария федерал прокуратураси билан ҳамкорликда экспертларни жалб қилинган ҳолда Гулнора Каримованинг Женева шаҳрида жойлашган вилласида ўтказилган тинтув вақтида аниқланган ва хатланган 70 турдаги санъат ашёлари (картиналар, амалий санъат ва ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар)нинг миллий бойликка тааллуқлилигини аниқлаш ҳамда уларнинг Ўзбекистонга қайтарилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Аввал Гулнора Каримованинг Ўзбекистондаги яшаш манзилларида 985 турдаги тарихий, маданий ва бадиий аҳамиятга эга қимматликлар деб топилган ҳамда умумий қиймати 12,7 млрд. сўмдан ортиқ бўлган санъат асарлари (картина, сўзана, миллий тақинчоқлар, сопол, ёғочдан ишланган миллий ҳунармандчилик асарлари ва ҳоказолар) аниқланган ва хатланган.

Қайд этилган картиналар ва санъат асарлари суд ҳукмига кўра давлат эгалигига ўтказилиб, Ўзбекистон амалий санъати ва ҳунармандчилик тарихи Давлат музейи, Фарғона вилоят тарих ва маданият Давлат музейи, Андижон вилоят тарих ва маданият Давлат музейи, Чирчиқ шаҳар тарих музейларига топширилган, дейилади баёнотда.

Бундан олдин, Тошкентда Гулнора Каримовага оид жиноят иши бўйича суд мажлиси бошлангани хабар қилинганди. 

Мавзуга оид