Афғонистон. Бу сўз бугун жаҳон афкор оммаси учун «нотинчлик», «жанг-у жадал» сўзлари билан синоним тарзда қўлланади. Бироқ бир пайтлар бу юрт ҳам тинч ривожланиш жараёнида бўлган. Одамлар эрталаб хотиржам уйғонган, нотинчлик ва урушни хаёлига келтирмасдан яшаган. Аммо, ўтган асрнинг 70-йилларига келиб вазият ўзгарди...

Ўша пайтда Афғонистонда Муҳаммад Зоҳиршоҳ подшоҳ эди.

Афғонистон подшоҳи Муҳаммад Зоҳиршоҳ. Фото: Getty Images / Fotobank

1973 йилда Зоҳиршоҳ Италияга расмий ташриф билан кетганидан фойдаланиб, унинг яқин қариндоши, Афғонистон бош вазири Муҳаммад Довуд давлат тўнтаришини амалга оширади ва Афғонистонда ҳокимиятни ўз қўлига олади. Зоҳиршоҳ эса Италияда қолади.

Муҳаммад Довуднинг ҳукмронлиги беш йил давом этади. 1978 йил 27 апрелда Афғонистонда яна нотинчлик бошланади — ўзларини Афғонистон Халқ Демократик партияси аъзолари деб атаган гуруҳ Муҳаммад Довудга қарши исён бошлайди. Бу исён «Савр инқилоби» номи билан тарихга киради.

Исёнчилар президент саройини ўраб олиб, Муҳаммад Довудга таслим бўлиш талабини қўяди. У кўнмайди. Ўртада отишма бошланди. Натижада, Муҳаммад Довуд, унинг оила аъзолари бўлган йигирмага яқин киши, жумладан, беш нафар фарзанди ва акаси Муҳаммад Наим ҳалок бўлишади.

Муҳаммад Довуд. Фото: MilitaryArms.ru

Исёнчилар ҳокимиятни эгаллашади. Уларга Нурмуҳаммад Таракий ва Ҳафизуллоҳ Амин бошчилик қилишади.

Муҳаммад Довуддан ҳокимиятни тортиб олган АХДП Афғонистон Демократик Республикаси тузилганини ва мамлакат социализм йўлидан кетишини эълон қилади. Мамлакат раҳбари Муҳаммад Таракий, инқилобий кенгаш раиси Ҳафизуллоҳ Амин бўлади.

Нурмуҳаммад Таракий. Фото: ТАСС

Ўшанда Афғонистонда кечаётган воқеаларни дунёнинг бир-бирига қарши бўлган икки кучли давлати, АҚШ ва СССР диққат билан кузатаётган ва янги ҳукумат билан яқин муносабат ўрнатишга уринаётган эди.

Нурмуҳаммад Таракий СССР билан, Ҳафизуллоҳ Амин эса АҚШ билан яқин алоқалар ўрнатиш тарафдори эди.