Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда у давлат раҳбарининг конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифи фонида бу қарорни тўғри деб ҳисоблашини айтган, таклиф қилинган ўзгаришлар ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти ўртасидаги мувозанатни ўзгартиришини таъкидлаган.
Ўзгартиришлар, хусусан, бош вазир ва Вазирлар Маҳкамасининг барча аъзоларини Давлат Думаси розилиги билан тайинлашни назарда тутади.
«Бу контекстда очиқ кўриниб турибдики, биз Россия Федерацияси ҳукумати сифатида мамлакатимиз президентига тегишли барча қарорларни қабул қилиш имкониятини тақдим этишимиз керак ва мен шу шароитда Россия конституциясининг 117-моддасига мувофиқ, Россия ҳукумати тўлиқ таркибда истеъфога чиқишини тўғри бўлди деб ҳисоблайман», деган у.
Так Медведев объявил об отставке правительства и своем уходе pic.twitter.com/1j4xV2jP8r
— Кремлевский пул РИА (@Kremlinpool_RIA) January 15, 2020
Путин Медведев ҳукуматига амалга оширилган ишлар учун миннатдорчилик билдирган, «ҳаммаси ўхшамаган бўлсада» натижалардан қаноатланганини айтган, янги таркибдаги Вазирлар Маҳкамаси шакллангунича ўз вазифасини бажариб туришни топширган.
У шунингдек, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимини жорий этиш ва бу лавозимни Медведевга таклиф қилиш ниятини билдирган.
«Дмитрий Анатольевич мудофаа қобилиятимиз ва хавфсизлик даражамизни ошириш нуқтайи назаридан ҳамиша бу масалалар билан шуғулланиб келган. Мен ундан келажакда айнан шу масалалар билан шуғулланишини сўрайман. Мен буни мумкин деб ҳисоблайман ва буни яқин орада амалга ошираман - Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимини жорий этаман», деган Путин.
«Кутилмаган истеъфо»
Би-би-сининг ҳукуматга яқин манбаси хабар қилишича, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари истеъфо ҳақида олдиндан огоҳлантирилмаган. Путин парламентга мурожаатномадан кейин ҳукумат аъзолари билан учрашиши ҳақида мурожаатнома вақтида воқиф бўлишган.
«Аммо биз бу [учрашув] мурожаатномадаги топшириқларнинг ижроси бўйича бўлишини кутгандик», деган манба.
Чоршанба куни Владимир Путин Федерал йиғилишга (Россия парламенти) мурожаат қилди. У мурожаатномасида конституцияга президент ва ҳукуматнинг бошқа институтлари ўртасида ваколатларни қайта тақсимлашни назарда тутувчи ўзгартиришларни таклиф қилганди.















