«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Ўзбекистон шаҳарлари ва аҳоли пунктларида транспорт ҳаракатининг рухсат берилган энг юқори тезлигини 70дан 60 км/соатгача пасайтириш таклифи билан чиқди.

«Оммавий ахборот воситаларида деярли ҳар куни Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги хабарлар қулоққа чалинади, ачинарлиси, уларнинг аксарияти ўлим билан якун топмоқда.

Қайта алоқа тизимлари (Телеграм˗бот, электрон манзил, ижтимоий тармоқдаги саҳифалар) орқали ҳамда ҳудудлардаги бевосита учрашувлар чоғида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Фуқаролар йўллардаги вазият, транспорт инратузилмаси сифати, аҳолининг, айниқса, болалар ва ёшларнинг йўл ҳаракати қоидаларини билиш даражасидан хавотирда.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, республика ҳудудида йилига ўртача 9˗10 минг йўл˗транспорт ҳодисалари содир бўлади, улардан икки мингдан ортиғида инсонлар ҳалок бўлмоқда. 2018 йилнинг ўзида Ўзбекистонда 2 262 нафар киши ЙТҲ қурбони бўлди. Ҳалок бўлганлар сони 2017 йилга нисбатан 8,5 фоизга камайган бўлсада (2 473 киши), бу кўрсаткич ҳамон юқори - бир кунда 6 киши.

Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, республикада йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, автотранспорт бошқариш ва автомобиль ҳаракати йўлларида пиёдалар маданиятини ошириш соҳаси ҳам такомиллаштириляпти. 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш Концепцияси қабул қилинди. У норматив˗ҳуқуқий базани такомиллаштириш, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқий маданиятини оширишни мақсад қилган.

Шундай бўлсада, Ўзбекистон шаҳарлари ва аҳоли яшаш пунктларида автотранспорт ҳаракат тезлигини 70дан 60 км/с.га пасайтириш тўғрисидаги таклиф тасдиқланмади. Бу таклиф жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган ҳужжат лойиҳасида билдирилган эди.

Хориж тажрибасидан шуни айтиш мумкинки, дунёда рухсат этилган энг юқори ҳаракат тезлиги 70 км/с.ни ташкил этган мамлакатлар кўп эмас. МДҲнинг қатор давлатлари, Арманистон, Грузия, Озарбойжонда аҳоли яшаш пунктларида рухсат этилган энг юқори ҳаракат тезлиги 60 км/с ҳисобланади. Украинада 2019 йил 1 январидан йўлларда ўлим ҳолатлари сонини камайтириш чораларидан бири сифатида максимал ҳаракат тезлиги 60дан 50 км/с.га камайтирилди. Европанинг 29та мамлакатида ҳаракатланиш тезлиги 50 км/с, Лондон шаҳрида 48 км/с.ни ташкил этади.

Тадқиқотларга қараганда, тезликни ошириш авария эҳтимоли ва унинг оғир оқибатлари билан бевосита боғлиқ. Мисол учун, ҳаракат тезлигининг бир фоизга ошиши йўл ҳаракати иштирокчилари ўлими билан тугайдиган ЙТҲ эҳтимолини 4 фоизга, жиддий авария эҳтимолини 3 фоизга орттиради. Машина уриб кетиши натижасида пиёдаларнинг ҳалок бўлиши эҳтимоли ҳам кескин ортади. (65 км/с тезликда бундай натижа эҳтимоли 50 км/с тезликдагига қараганда 4,5 баробар юқори). 65 км/с тезликда ҳаракатланганда ёндан берилган зарба натижасида ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ҳалок бўлиши эҳтимоли 85 фоизни ташкил этади.