Синов давомида X-59 нафақат юқори тезликка чиқди, балки унинг барқарорлиги, бошқарувчанлиги ва конструкцияга тушадиган юкламалар бўйича ҳисоб-китобларда белгиланган асосий кўрсаткичлар ҳам тасдиқланди.
Бироқ ушбу парвоздаги энг муҳим натижа самолётнинг тезлиги эмас. NASA учун асосий масала X-59 товушдан тез учганда ерда қанчалик паст шовқин ҳосил қилиши ҳисобланади.
Одатда самолёт товуш тезлигидан ошганда зарба тўлқинлари юзага келади ва ерда жуда кучли портлашга ўхшаш овоз — “соник бум” эшитилади. Айнан шу кучли шовқин аҳоли яшайдиган ҳудудлар устидан тижорий товушдан тез самолётлар парвозига тўсқинлик қилиб келган асосий омиллардан бири ҳисобланади.
X-59 эса ана шу муаммони ҳал қилиш мақсадида яратилган. Муҳандислар самолёт конструкциясини шундай ишлаб чиққанки, анъанавий кучли товуш зарбаси ўрнига ерда анча паст, енгил бўғиқ зарбага ўхшаш овоз эшитилиши керак.
Синов натижалари X-59 уни ишлаб чиқувчилар белгилаган ҳисоб-китоб кўрсаткичларини босқичма-босқич тасдиқлаётганини кўрсатмоқда.
Навбатдаги муҳим босқич самолётнинг акустик изини аниқ ўлчаш бўлади. Бу синовларни 2026 йилнинг кейинги ойларида бошлаш режалаштирилган.
Бунинг учун тадқиқотчилар ерда махсус датчиклар тармоғини ўрнатади. Шунингдек, ҳаводаги платформаларга микрофонлар жойлаштирилади. Улар X-59 товушдан тез ҳаракатланган вақтда пайдо бўладиган зарба тўлқинларини ўлчайди.
Тўпланган маълумотлар мутахассисларга X-59ʼнинг товушдан тез парвоз пайтидаги аниқ акустик хусусиятларини белгилаш имконини беради.
NASAʼнинг Quesst миссияси доирасидаги акустик синовлар бўйича техник раҳбар Ларри Клиаттнинг таъкидлашича, бу босқич фақат самолётнинг ўзи учун эмас, балки уни яратишда қўлланган муҳандислик усуллари ва воситалари учун ҳам муҳим синов бўлади.
Унинг фикрича, мазкур технологиялар келажакда тижорий товушдан тез учувчи самолётларни лойиҳалашда асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, X-59 олдида ҳали мураккаб синов парвозлари турибди. Уларнинг асосий вазифаси самолёт ҳақиқатан ҳам уни яратишдан кўзланган мақсад — анъанавий “соник бум”га нисбатан анча паст товуш ҳосил қила олишини исботлашдан иборат.
Агар ерда ўтказиладиган акустик синовлар X-59 ҳосил қиладиган зарба товуши аҳоли яшайдиган ҳудудлар устидан парвоз қилиш учун етарлича паст эканини кўрсатса, NASA кейинги босқичга ўтади.















