Ўзбекистонда қишлоқ ҳудудларини босқичма-босқич ободонлаштириш ва ривожлантириш учун 2018 йил 29 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентиинг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисидаги ПФ-5386-сонли Фармони эълон қилинган эди. 2018 йил 27 июнда эса шаҳар ҳудудларида «Обод маҳалла» дастури тўғрисидаги ПФ-5467-сонл Фармон эълон қилинган.

«Обод қишлоқ» дастури тўғрисидаги фармонда 2018 йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарларида, авваламбор олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2тадан ва 2019-2022 йилларда 3тадан қишлоқ (маҳалла)да аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқ (маҳалла)ларнинг қиёфасини замонавийлаштиришга ва унда истиқомат қилувчилар учун иш ўринларини яратишга қаратилган «Обод қишлоқ» дастури амалга ошириш белгиланганди.

Дастурни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг ҳар йиллик давлат бюджети, шу жумладан маҳаллий бюджетлар параметрларини тасдиқлашда «Обод қишлоқ» дастурини амалга ошириш учун зарур миқдорда маблағлар ажратилиши белгиланди.

Фармон эълон қилингандан сўнг жойларда дастурга биноан обод қилиниши лозим бўлган қишлоқ ва маҳаллалар рўйхати тузилди ва ишлар бошлаб юборилди.

Аммо, бугун маълум бўляптики, ўшанда жойлардаги аксарият маҳаллаларда белгиланган ишлар тўлиқ бажарилган бўлса-да, айрим жойларда ишлар маблағ етишмовчилиги туфайли чала ҳолда қолиб кетган.

Ана шундай маҳаллалардан бири, Қарши шаҳридаги «Отчопар» маҳалласида ўтган йил «Обод маҳалла» дастури давомида бажарилмаган ишлар - маҳалла кўчаларига асфальт ва шағал ётқизиш, мактаб қурилиши қолиб кетгани ҳақида сайтда материал эълон қилинган эди.

Яқинда шу мавзуда Kun.uz’га Қашқадарё вилояти Косон тумани «Пудина» МФЙ фуқароларидан ҳам мурожат бўлди. Мурожатда ёзилишича ушбу маҳалла 2018 йилда «Обод қишлоқ» дастурига тушган. Дастур доирасида бажарилиши белгиланган ишларнинг бир қисми бажарилган, қолган қисми бажарилмай қолиб кетган.

Масалан, маҳалла ҳудудидаги 3,2 километр ички йўл асфальт қилинган, аммо шағал тўкилиши лозим бўлган тўртта кўча ўз ҳолича қолдириб кетилган. Фуқаролар ёғингарчилик кунларида ўша кўчалар юриб бўлмайдиган даражада лой бўлаётганидан ёзғиришган.