Давлат божхона қўмитаси томонидан “Бахт” спорт-соғломлаштириш мажмуасида қўмитанинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қайта қуриш ва капитал таъмирлаш ишлари якунланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун эълон қилинган ҳужжати лойиҳасида айтилган.
Қайд этилишича, спорт-соғломлаштириш мажмуасининг ташкилий-ҳуқуқий мақомини белгилаш, шунингдек, ушбу объектни келгусида сақлаш ва фаолиятини молиялаштириш бўйича чоралар белгиланади:
Давлат божхона қўмитасининг мазкур объектга “Бахт” спорт-соғломлаштириш мажмуаси” Давлат унитар корхонаси шаклидаги юридик шахс мақоми (ДУК) бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Белгиланишича:
ДУК директори Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи асосида лавозимга тайинланади ва озод этилади;
ДУК ходимларининг штат бирликлари ва иш ҳақи миқдорлари ДУК директори томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
ДУКнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:
мажмуани самарали бошқариш ва ишлатиш;
божхона органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, шунингдек пенсионерлари учун пуллик асосда соғломлаштириш ва дам олиш тадбирларини ташкил этиш;
спорт, кўнгилочар ва тантанали маросимларни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тижорий хизматларни кўрсатиш.
ДУКни молиялаштириш қуйидагилар ҳисобидан амалга оширилади:
мажмуа томонидан хизматлар кўрсатишдан, тижорат фаолиятини амалга оширишдан, шунингдек, мажмуага бириктирилган бино, иншоотлар ва бошқа мол-мулкларни ижарага беришдан олинадиган даромадлар;
жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ДУКнинг Уставини тасдиқлайди, шунингдек унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлайди.














