Жаҳон | 18:54 / 27.01.2020
11331
2 дақиқада ўқилади

Камбожада коронавирусдан зарарланишнинг илк ҳолати қайд этилди

Камбожа соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат ҳудудида коронавирусга чалинишнинг илк ҳолатини тасдиқлади. VoaCambodia хабарига кўра, вазир Мам Бунхен Сиануквиледа яшовчи, яқинда Ухандан келган Хитой фуқароси вирусни юқтириб олганини эълон қилган.

У ва унинг уч нафар яқин қариндоши шифохонага ётқизилган. Унинг оила аъзоларида вирус аниқланмаган. Лекин улар ҳозирча шифокорлар назорати остида қолмоқда.

Хитой ҳукумати 27 январь куни берган сўнгги маълумотларга кўра, янги коронавирусдан зарарланганлар сони 2794 нафарга етган, яна 3800 нафардан ортиқ киши вирус юқтирганликда гумон қилинмоқда. Ҳалок бўлганлар сони 81 нафар, вирусдан зарарланганларнинг 50 нафардан ортиғи соғайиб кетган.

Хитойдан ташқари, Тайвань, Макао ва Ҳонгконгда ҳам, шунингдек, Таиланд, Австралия, Сингапур, Япония, АҚШ, Малайзия, Франция, Вьетнам ва Непалда ҳам вирусга чалинган беморлар қайд этилган.

Инфекция манбаи Ухань шаҳри бўлиб, вирусга илк чалинганларнинг барчаси маҳаллий денгиз маҳсулотлари бозорида бўлишган. Бозор вирус тарқала бошлаган вақтдаёқ ёпиб қўйилган. Ўтган ҳафтада ҳукумат Ухань шаҳрини ташқи дунё учун ёпиб қўйди, шаҳар билан транспорт алоқалари узилиб қолди. Аммо, амалдорларнинг маълумотларига кўра, бу чоралар қўлланишидан олдин шаҳарни 5 миллион киши тарк этиб бўлганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид