Спорт | 13:33 / 28.01.2020
13328
2 дақиқада ўқилади

Қарши Эрон клубларининг Чемпионлар Лигаси ўйинларини қабул қилиши мумкин

Фото: FC Nasaf

Эрон клубларининг Осиё Чемпионлар Лигаси 2020 мавсумидаги уй ўйинлари Ўзбекистоннинг Қарши шаҳрида ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таянган ҳолда таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаев «Футболиум» каналида хабар берди.

«Эрон клубларининг Чемпионлар Лигасидаги уй ўйинлари Қарши шаҳрида ўтказилиши мумкин. Бу имконият юқори баҳоланмоқда. 

Эрон клублари баъзи уй ўйинларини араб давлатларида ўтказишганда, рақиблар ўзини меҳмондагидек ҳис қилишмаганини таъкидламоқдалар. Бу эса Марказий Осиё давлатларининг бу ўйинларни қабул қилиш имкониятларини оширмоқда», - деб ёзди Алишер Никимбаев. 

Эрон клублари ўйинларини Озарбойжон ҳам қабул қилишга тайёрлигини билдирган. Аммо бу имконсиз эканини таъкидламоқда Алишер Никимбаев.

«Озарбойжон футбол федерациялари ассоциацияси (АФФА) вакили Фируз Гараев Боку шаҳрининг бу ўйинларни қабул қилишга тайёрлигини маълум қилди. Бироқ, Осиё Чемпионлар Лигаси регламентига кўра, ўйинларни бошқа конфедерация ҳудудида ўтказиш тақиқланади».

Эслатиб ўтамиз, Эрондаги нотинч сиёсий вазият туфайли Осиё Футбол Конфедерацияси Чемпионлар Лигаси ўйинларини бу мамлакат ҳудудида ўтказишни тақиқлаб қўйди. Натижада, «Шаҳри Худрў» ва «Истиқлол» клублари саралаш босқичидан ўрин олган баҳсларни БААнинг Шаржа ва Дубай шаҳарларида ўтказишди. 

Бундан ташқари, ОФК қарорига кўра, Эроннинг ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этадиган «Сипоҳан» ва «Персеполис», шунингдек, саралашдан ўтган бошқа клублари дастлабки 3 турни сафарда ўтказишади. 4-6 тур ўйинларини қаерда ўтказиши эса қўшимча қарор билан белгилаб берилади.

Мавзуга оид