АҚШ Марказий қўмондонлиги 8 сентябр куни Эроннинг бешта нефт танкерига зарба берилганини маълум қилди. CENTCOM бу ҳақда X ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифасида хабар берган.

Америка қўмондонлигига кўра, операция Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси сўнгги икки кун давомида АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари кемасига икки марта баллистик ракеталар билан ҳужум қилишга уринганидан кейин ўтказилган.

CENTCOM Америка ҳарбий кемаси Эрон томонининг ҳужумларидан муваффақиятли четлангани ва минтақавий сувларда патрулликни давом эттирганини билдирди. Ҳодисалар оқибатида АҚШ ҳарбий хизматчилари орасида жабрланганлар бўлмаган.

Бешта танкерга зарба берилган

АҚШ Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, Уммон кўрфазида M/T Kaviz, M/T Charminar, M/T Horizon 1 ва M/T Riesco танкерларига зарба берилган.

Яна бир — M/T Derya танкери Форс кўрфазидаги Харк ороли яқинида нишонга олинган.

CENTCOM таъкидлашича, Америка ҳарбийлари зарба беришдан олдин кемалар экипажларига танкерларни тарк этиш бўйича кўрсатма берган. Шундан сўнг кемаларга зарба берилиб, улар ишдан чиқарилган.

АҚШ ҳарбийлари ушбу танкерлар Эрон Инқилоб муҳофизлари корпуси фойдаланадиган кўп миллиард долларлик «яширин» нефт тармоғининг бир қисми бўлганини даъво қилмоқда.

Вашингтон талқинига кўра, мазкур тармоқ орқали олинадиган маблағлар Инқилоб муҳофизлари корпуси ҳамда унинг минтақадаги ҳамкор кучларини молиялаштиришга йўналтирилган.

CENTCOM баёнотида Теҳрон мазкур кемаларни Америка ҳарбий ҳаракатларидан ҳимоя қилиш имкониятига эга эмаслиги ҳам таъкидланган.

5 сентябрда ҳам учта танкерга зарба берилган

Бу АҚШнинг сўнгги кунларда Эрон нефт танкерларига қарши амалга оширган биринчи операцияси эмас.

CENTCOM маълумотига кўра, 5 сентябр куни ҳам Эроннинг учта нефт танкери йўқ қилинган. АҚШ томони бу зарбалар Эрон Инқилоб муҳофизлари корпусининг Америка авиаташувчиси ва ракета эсминецига ҳужум қилишга уринишидан кейин амалга оширилганини билдирган.

Шу тариқа, АҚШ ҳарбийлари маълумотларидан келиб чиқилса, 5–8 сентябр оралиғида Эронга алоқадор деб кўрсатилган жами саккизта нефть танкерига зарба берилган.