Жамият | 13:20 / 29.01.2020
60520
2 дақиқада ўқилади

Фото: Шаҳрисабзда ўн йилдан бери илк марта қор барси кўриниш берди

Сайёрадаги энг ноёб жониворлардан бири – илвирс аслида республикамизда тахминан 20-22та деб ҳисобланади. Мушуксимонлар оиласига мансуб ушбу йиртқични қор барси ҳам дейишади.

Яқинда Ҳисор давлат қўриқхонаси ходимлари тоғнинг Шаҳрисабз тумани ҳудудида қор барсини кўриб қолишганини маълум қилишди. Бу ҳақда Kun.uz’га Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги хабар бермоқда.

Қўриқхона ходимлари қор барсининг суратини олишга ҳам муваффақ бўлишган. Ҳокимлик ахборот хизмати ходимининг сўзларига кўра, тоғли ҳудуд аҳолиси ва қўриқхона ходимлари бундан олдин сўнгги марта 2010 йилда қор барсига дуч келишган.

Маълумотларга кўра, ҳайвонот оламида жуда ҳам камайиб бораётган, Марказий ва Жанубий Осиё жониворлари подшоҳи деб аталадиган илвирс  бугунги кунда дунё миқёсида 16та мамлакатда 3-4 мингтагача борлиги тасдиқланган. Барча давлатларда «Қизил китоб»га киритилган.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, қор барсининг камайиб кетишига асосий сабаб сифатида озиқ-овқат базасининг етишмовчилиги келтирилади. Шу сабабдан улар борган сари тоғларнинг юқори қисмига қараб кетмоқда. Шунингдек, уларнинг камайишига экология ёмонлашуви ва инсоннинг табиатга аралашуви каби салбий омиллар ҳам таъсир кўрсатмоқда. 

Мазкур омилларни яқиндан ўрганиш ва ўқувчиларга етказиш мақсадида Kun.uz жамоаси томонидан Ҳисор тоғ тизмаларида экспедиция уюштириш режалаштирилган.

Мавзуга оид