Жаҳон | 09:30 / 29.01.2020
10023
1 дақиқада ўқилади

ЖССТ Хитойга коронавирусга қарши курашиш учун мутахассислар юборади

Фото: REUTERS

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Хитойга маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликлда янги коронавирусга қарши курашиш учун халқаро мутахассисларни юборади. Бу ҳақда ЖССТнинг Женевадаги бош қароргоҳида маълум қилинди ва ҳамкорликдан мақсад вирусга жавоб қайтариш учун у ҳақида қўшимча маълумот олишдан иборатлиги таъкидлаб ўтилди.  

Мутахассислар маълумотларига кўра, янги вирус ҳақида ҳали кўп нарса мавҳумлигича қолмоқда. Ҳанузгача унинг манбаи ва Хитой бўйлаб тарқалиш даражаси аниқланмаган. Шунингдек, касалланганлардан 20 фоизи оғир аҳволда.

Таъкидланишича, ЖССТ вазиятни синчковлик билан кузатмоқда ва зарурат бўлганда қисқа вақт ичида фавқулодда вазиятлар бўйича қўмита мажлиси чақиртирилиши мумкин.

Аввалроқ ЖССТ вируснинг халқаро кўламда тарқалиши хавфини “ўртача”дан “юқори” даражагача оширганди.

Охирги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусдан вафот этганлар сони 132 нафарга, касалланганлар сони 5974 нафарга етди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид