Махлуқотга жон ато этган Зот унга ўлимни ҳам тақдир қилган. Шундай экан, инсон қаерда бўлмасин, ўлим шарпаси соя солиб туради. Аччиқ ҳақиқат шуки, ўлим банданинг ватандан йироқдалигига қараб, ватанига қайтиб олсин, деб кутмайди. Осмонда, ерда, мусофирчиликда, муқимликда ўлим келаверади. Ўлим – бу дунё ҳаётининг мавжудлик қоидаси. Бу ҳолат муҳожирларимизни ҳам четлаб ўтмайди.
Бироқ, айни шундай оғир мусибатдан фойдаланган ҳолда, марҳумнинг жасадини ватанга юборишга фалон миқдорда пул кераклигини эълон қилиб, хайрия ўтказаётганлар ҳам йўқ эмас. Чет элларда вафот этган ўзбек меҳнат муҳожирларининг жасадларини олиб келиш харажатлари давлат томонидан, махсус жамғарма ҳисобидан қопланаётган бўлса-да, ижтимоий тармоқларда жасадни юбориш учун пул маблағлари йиғишга доир турли акциялар ўтказиш ҳамон кузатилмоқда.
Kun.uz таҳририятининг Россияда бўлиб қайтган мухбири Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари Саиднўъмон Мансуров билан мулоқот қилди. Суҳбат чоғида Россияда вафот этганларни неча кун муддатда ватанга юбориш мумкинлиги, унинг қиймати ва шу ҳолат билан боғлиқ бошқа жараёнлар ҳақида сўз борди.
«Инсон яқинини йўқотганда шокка тушиб қолади. Жасадни қандай қилиб тезроқ Ўзбекистонга юборишни ўйлайди. Улар бизга мурожаат қилади. Лекин ҳар куни вафот этганларни кузатиш ҳам осон иш эмас.
Аммо шунда ҳам тушунмовчиликлар кузатилади. Буни ўзимиз ҳам сезиб турамиз. 1-2 кунда жўнатиб беролмасак, одамлар хафа бўлади. Лекин бунинг ҳам ўз расмий жараёнлари бор.
Шу имкониятдан фойдаланган ҳолда, сизлар орқали муҳожирларимизга, фуқароларимизга мурожаат қилмоқчиман. Агар шундай ҳолат бўлиб қолса (Худо кўрсатмасин, илоҳим соғ бўлайлик), ҳеч қандай «посредник»ларга ишонишмасин. Мана биз – расмий идора бор. Бир сўм пул керак эмас. Давлат раҳбарияти томонидан шундай имконият тақдим этилмоқда. Бироқ бизга ҳам ёрдам керак. Баъзида одамлар келади, ака иложини қилайлик, тезлаштирайлик, деб пул таклиф қилмоқчи бўлишади. Гап тезликда эмас, гап барчасини расмий қилишда.
Вафот этган одамнинг ҳужжатида битта ҳарфи нотўғри бўлиб қолса, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари нотўғри тушуниб қолса, келгусида ушбу жараёнларни қийинлаштирувчи янги талаблар, қоидалар пайдо бўлишига сабаб бўлиб қолиш эҳтимолдан йироқ эмас.
Бундай бўлмаслиги учун бизга келишсин. Бизга ишонишсин, бундай масалаларни ҳал қилиб берамиз. Алҳамдулиллаҳ, мусулмонмиз, тушунамиз. Лекин, шошилиб қолиб, алданиб қолишади. Моргга, юкчига ва терговчига пул беришлари мумкин. Бу назоратга тушиб қолса, янада қийинлашиб кетиши эҳтимоли юқори», – дейди агентликнинг Москва ваколатхонаси раҳбари Саиднўъмон Мансуров.












