Би-би-си рус хизмати мухбири Алина Исаченконинг саволларига Лондон Империал коллежи тиббиёт факультети профессори Робин Шатток жавоб берди. 

Би-би-си: Бу вирус 2003 йилда 813 кишининг ўлимига олиб келган ўткир респиратор синдромли коронавирус, ёки SARS'дан қандай фарқ қилади?

Робин Шатток: SARS вируси билан боғлиқ ҳолатда аввалига одамларда касаллик аломатлари кузатилган, сўнг улар юқумли бўлишган. Ҳозирги коронавирус билан, бу қўшимча тадқиқотларни талаб қилса ҳам, зарарланганда бир неча кун давомида ҳеч қандай аломатлар кузатилмайди. Бироқ, улар аллақачон бошқаларга юқтиришни бошлаган бўлишади.

Агар бу ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, унда вируснинг тарқалишини назорат қилиш анча қийин бўлади, чунки ҳеч қандай аломатларга эга бўлмаган юқтирувчи кишиларда инфекцияни, масалан ҳароратни ўлчаш орқали аниқлаш жуда қийин. Улар жуда соғлом кўринади, шифокорга мурожаат қилиш учун ўзларида зарурат ҳис қилишмайди, бошқалар билан эркин мулоқот қилишади, лекин шу билан бирга улар инфекциянинг тез тарқалишига ҳисса қўшиши мумкин.

Би-би-си: Кимлар хавф остида?

Хитойдан бошқа давлатларда ҳам эпидемия хавфи юзага келган

Р.Ш.: Кексалар, шунингдек нафас олиш тизими касалликларидан азият чекувчилар касалликнинг оғир формасига чалиниш хавфи остида. Соғлом одамлар учун бу вирус катта муаммолар туғдирмайди.

Би-би-си: Бу дегани, агар 30 ёшли ва соғлом турмуш тарзига риоя қилувчи одам вирусни юқтирса ҳам ўлмайди, шундайми?

Р.Ш.: Биз ҳеч нарсага кафолат беролмаймиз, албатта. Аммо ёшларнинг аксариятида гриппнинг оғир формасидан унчалик катта фарқ қилмайдиган ўртача шаклдаги аломатлар кузатилаётганга ўхшайди.