Президентнинг бу борадаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди. Ҳужжат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланади.
Стратегиянинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:
1. Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда қонунчиликни такомиллаштириш.
2. 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга мувофиқлаштириш.
3. Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар (қонун устуворлиги, норма ижодкорлигининг сифати, ҳукумат фаолиятининг самарадорлиги, сўз ва ахборот эркинлиги, жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, бизнесни олиб бориш шарт-шароитлари, глобал рақобатбардошлик, инновациявий ривожланиш ва бошқалар) бўйича дунёнинг 50 етакчи мамлакатлари қаторига кириши.
4. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий институтларини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича давлат сиёсатини мониторинг қилиш ва баҳолаш миллий тизимини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш.
5. Фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда хусусий сектор фаолияти ва ўзаро ҳамкорлигининг самарадорлигини ошириш.
6. Жиноятчиликни, айниқса одам савдоси, коррупция, уюшган ва трансмиллий жиноятчиликни олдини олиш ва бу иллатларга қарши курашиш, шунингдек, ушлаб турилганлар, қамоққа олинганлар ва маҳкумларни сақлаш жойлари тизимида одил судловга ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаш.
7. Аҳолининг заиф қатламларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат ва жамиятнинг алоҳида ҳимоясига муҳтож бўлган шахсларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаганларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга хизматлар сифатини ошириш.















