Тошкент вилоятида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳодиса содир бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га хабар берди.
2 февраль куни соат 04:15ларда Тошкент вилояти Янгийўл тумани «Иттифоқ» маҳалласида яшовчи, 1998 йилда туғилган аёл Н.М. ва унинг 2018 йилда туғилган фарзанди яшаш уйининг ётоқхонасидаги газ печидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб, ҳодиса жойида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, 2 февраль куни соат 16:00 атрофида Андижон вилоятининг Андижон шаҳри, «Сой» маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган аёл Д.Х.нинг яшаш хонадонида чақнаш юзага келиши натижасида ўзи ва 2 нафар фарзанди - 2007 йилда туғилган А. ва 2010 йилда туғилган Б. турли даражадаги енгил куйиш тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳам туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.















