2020 йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов мамлакатда ўз миссиясини якунлаётган Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлигининг (ТИКА) Тошкент шаҳридаги ваколатхонаси раҳбари Али Ихсан Чағлар билан учрашди.

Томонлар соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига ҳамда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, турли соҳаларда мутахассислар малакасини ошириш бўйича амалга оширилган дастурларга урғу бериб, Ўзбекистон ва ТИКА ўртасида ўрнатилган алоқалар даражасини юқори баҳоладилар. Хусусан, ўтган йил давомида Агентлик Ўзбекистондаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қарийб 30 миллион доллар ажратгани айтилади.

Ҳамкорликнинг маданий-гуманитар жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. 2019 йил 20-29 сентябр кунлари Тошкент шаҳрида ўзбек ва турк рассомларининг асарлари намойиш этилган «Замонлар оша маданият: Ўзбекистон» номли кўргазма ва конференциянинг муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди.

Вазир ўринбосари ваколатхона раҳбари Али Ихсан Чағларнинг Ўзбекистон-Туркия муносабатларини ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди ва келгуси ишларида муваффақиятлар тилади.

Али Ихсан Чағлар ТИКАнинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари сифатидаги фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон томонига миннатдорчилик билдирди.