Ўзбекистон | 13:58 / 06.02.2020
4431
1 дақиқада ўқилади

Бокуда Ўзбекистон ва Туркия ташқи ишлар вазирлари учрашди 

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу билан учрашди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2020 йилнинг 5 февраль куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (Туркий кенгаш) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун Боку шаҳрига келган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу билан учрашди.

ТИВ хабарига кўра, Ўзбекистон-Туркия кун тартибидаги долзарб масалалар ва жорий йилда қўшма тадбирларга тайёргарликнинг бориши юзасидан фикр алмашилди.

Кўп томонлама шакллардаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан Туркий кенгаш доирасида мулоқотни кенгайтиришга ўзаро қизиқиш тасдиқланди.

Учрашувда вазирлар халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳам муҳокама қилдилар.

Бундан олдин, Абдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Бокуда бўлиб ўтадиган Туркий кенгаш ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этиши хабар берилганди.

Мавзуга оид