Ўзбекистон | 11:37 / 08.02.2020
6900
3 дақиқада ўқилади

«Дори-Дармон» 150 млрд сўмлик бюджет ссудаси муддатини узайтирмоқчи

Молия вазирлиги “Дори-Дармон” АКга 150 млрд сўм миқдорида 2 фоизли бюджетдан ссудани уч йил муддатга берган. Компания ссуда муддатини узайтиришни сўрамоқда

Фото: doridarmon.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Дори-Дармон” акциядорлик компанияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Дори-Дармон” акциядорлик компаниясини бошқариш самарадорлигини ва O’zmedimpeks давлат унитар корхонасининг молиявий барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 22 октябрдаги 849-сон қарори билан Молия вазирлиги “Дори-Дармон” АКга 150 млрд сўм миқдорида 2 фоизли бюджетдан ссудани уч йил муддатга берган.

Энди компания юқоридаги қарорнинг 6-бандидаги “уч йил муддатга” деган сўзларни “икки йиллик имтиёзли давр билан беш йил муддатга” деган сўзлар билан алмаштиришни таклиф қилмоқда.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 майдаги 284-сон қарори билан тасдиқланган Фармацевтика фаолиятини (дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилиш бундан мустасно) лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-банди учинчи хатбошиси “чакана” деган сўздан олдин “улгуржи ва” деган сўзлар билан тўлдирилиши мумкин.

Яъни, дори воситаларини ва тиббий буюмларни тайёрлаш фаолияти йўналишига лицензия олиш лицензиатларга улар тайёрлаган дори воситалари ва тиббий буюмларни нафақат чакана, балки улгуржи реализация қилиш ҳуқуқини беради.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил декабрь ойи ўрталарида Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази United Investment Healthcare Group (АҚШ) компанияси шўъба тузилмаси билан ишончли бошқарув тўғрисидаги битимни имзолаганди. Ҳужжат доирасида Америка компанияси “Дори-Дармон” АЖдаги давлат улушини (АЖ устав капиталидан 71 фоизи) олиши керак эди.

2019 йилнинг февраль ойи охирида эса Американинг United Investment Healthcare Group МЧЖ билан 2018 йил 6 декабрда тузилган акциядорлик компанияси устав капиталидаги давлат улушини ишончли бошқариш шартномаси бекор қилинди. “Дори-дармон” АК кузатув кенгаши қарорига биноан компания бошқаруви раиси Равшан Азимовнинг ваколатлари ариза берганлиги сабабли муддатидан аввал тугатилди.

Мавзуга оид