Ўзбекистон | 16:30 / 10.02.2020
7414
3 дақиқада ўқилади

«Ўзархив»нинг асосий вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлигн тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Низомга кўра, агентлик архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб борувчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятида Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Агентликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Агентлик архив иши ва иш юритиш соҳасида Халқаро архивлар кенгаши ва бошқа халқаро минтақавий ташкилотларда Ўзбекистон номидан иш кўради.

Агентлик тизимига қуйидагилар киради:

Агентлик марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари;

Миллий архив;

Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви;

Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви;

Қорақалпоғистон марказий давлат архиви, Тошкент шаҳар марказий давлат архиви, вилоят, шаҳар ва туман давлат архивлари ва уларнинг филиаллари, шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари;

Архив иши ва иш юритиш бўйича малака ошириш илмий-методик маркази.

Ҳудудий бошқармалар Агентликка, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳисоб беради.

Давлат архивлари Агентликнинг ҳудудий бошқармалари ва тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларига ҳисоб беради.

Миллий архив, Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви, Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви, Марказ Агентликка ҳисоб беради.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади: 

архив иши ва иш юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш ва назорат қилиш;

Миллий архив фонди ҳужжатларини жамлаш, уларнинг сақланишини, давлат ҳисобига олинишини таъминлаш ва улардан кенг фойдаланиш;

ҳудудий бошқармаларни, миллий архивлар ва давлат архивларини бошқариш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;

архив хизматларини кўрсатишда нодавлат секторни янада ривожлантириш, архив иши соҳасида давлат-хусусий шериклик учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

архившунослик, археография, иш юритиш, электрон ҳужжат айланиши соҳасида илмий-методик ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, илмий тадқиқотлар натижаларини ва илмий-техника ютуқларини республика архивлари амалиётига жорий этиш;

замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда мунтазам равишда архив иши ва иш юритиш соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларнинг малакасини ошириш тизимини шакллантириш;

архив иши ва иш юритиш соҳасида мамлакат ва хорижий давлатларнинг илғор иш тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш, хорижий архивларда сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид архив ҳужжатлари нусхаларини олиб келиш.

Мавзуга оид