Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг Ўзбекистонга ташриф доирасид Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси ўртасида 2020-2021 йилларга мўлжалланган икки йиллик ҳамкорлик келишуви имзоланди. Вазирлик матбуот хизмати хабар қилишича, ушбу ҳужжат ўзаро маслаҳатлашувлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, мустаҳкам ҳамкорлик учун асос бўлиб хизмат қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида бўлиб ўтган брифингда Ханс Клюге Ўзбекистон юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашда Марказий Осиёнинг етакчи давлатларидан бири экани, ушбу йўналишда давлат сиёсати даражасида муҳим қадамларни ташланаётганига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, у Ўзбекистонда аввал ҳам бўлгани, жумладан, 20 йил аввал Қорақалпоғистон Республикасида сил касаллигига қарши кураш йўналишида фаолият олиб борганини қайд этиб ўтди.
«Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ихтисослашган нуфузли муассасаси бўлиб, унинг таркибига 194та аъзо давлатлар киради. Ташкилотнинг асосий вазифаси дунё аҳолисининг соғлиқни сақлаш муаммоларини ҳал қилишдан иборат. ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси дунёнинг турли ҳудудларида жойлашган олтита минтақавий идоралардан биридир. Ушбу буюрга 53та мамлакат, жумладан Ўзбекистон ҳам аъзо бўлиб, Атлантикадан Тинч океанигача бўлган улкан ҳудудни қамраб олади. Соғлиқни сақлашнинг турли йўналишларида илмий ва техник мутахассислар жамоасидан иборат бюронинг бош штаби Копенгагенда жойлашган. Унинг 29та мамлакатда 4та филиали ва идоралари фаолият юритиб келади.

Ўзбекистонда ЖССТнинг ваколатхонаси мавжуд бўлиб, соғлиқни сақлаш тизимига яхлит ёндашув асосида барқарор соғлиқни сақлаш сиёсатини ишлаб чиқишда ёрдам кўрсатиш унинг асосий вазифаси ҳисобланади. Шунингдек, умумий етакчиликни таъминлаш, маҳаллий даражада техник алоқаларни ўрнатиш, стандартларни белгилаш ва шартномалар тузиш, инқироз даврида соғлиқни сақлаш тадбирларини мувофиқлаштириш ва амалга ошириш каби вазифаларни ҳам қамраб олади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Тадбирда, шунингдек, ЖССТ ва Ўзбекистон соғлиқни сақлашнинг кўплаб муҳим масалаларида яқиндан ҳамкорлик қилиб келинаётгани таъкидланди.
«Жумладан, давлат раҳбарининг 2018 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан тасдиқланган 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси яратишда ЖССТ экспертларининг улкан ёрдамини алоҳида таъкидлаш лозим. Халқаро экспертларнинг кўмаги туфайли соғлиқни сақлашни молиялаштиришни яхшилаш, мажбурий тиббий суғурта ва электрон соғлиқни сақлаш тизимини жорий этиш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлар, саломатлик учун зарарли бўлган одатларга қарши кураш каби қатор вазифалар бўйича самарали чоралар кўрилмоқда.


















