
Паст Дарғом тумани «Гулобод» маҳалласида яшовчи фуқаролардан тушган мурожаатга кўра, ўша манзил сари йўл олдик. Аризачилар берган ҳудудни топиб бориш осон бўлмади. Йўллар мутлақо талабга жавоб бермаслиги муҳим эмас. Масала аризачилар яшаётган уйларнинг ноқулай жойлашгани – икки томонлама темирйўл ўтган бўлиб, қамал ҳолатида эканида. Йўлбошчисиз борсангиз, йўқолиб қоласиз...
Айни вақтда бу ерда тўққизта хўжалик яшаб келяпти. Уйлар ўтган асрнинг 50-60-йилларида темир йўл хизматчилари учун қурилган бўлиб, ҳозирги кунда яшаб турганларнинг аксарияти шу тизимда ишлаган. Соҳадан пенсияга чиққан.
«Унутилган» одамлар
Манзура Абдуалиева ҳам 12 йил темир йўл соҳасида ишлаб, соғлиги ёмонлашгач, ишдан бўшаган. Ҳозирги вақтда ўғли, келини ва набиралари билан шу ерда истиқомат қилиб келмоқда.

У оиласи учун бу соҳада ишлаш анъанага айлангани, отаси, бобоси ҳамда турмуш ўртоғи ҳам темир йўл тизимида ишлаганини айтиб берди. Шунингдек, ўғли Р.Нарзиев Бухоро локомотив депо ишчиси бўлиб ишлаган экан. Унга 2011 йил 25 октябрида Бухоро минтақавий темир йўл узелининг ҳудудий касаба уюшма қўмитаси томонидан хат келган. Унда ёзилишича, Паст Дарғом тумани ҳудудидаги Мароқанд бекатида жойлашган, қурилиши тугалланмаган коттеж уйлардан бирини яшаш учун уй-жой сифатида ажратиш кўзда тутилган. Аммо негадир бу хат ва унинг ижроси «унутилган».

Жамият: «Уй-жойлар бизга тегишли эмас, хусусийлаштириб олаверинг!»
Ражаб Қўчқоров 1972 йилдан 2009 йилгача темир йўл соҳасида ишлаган. 1973 йилдан шу жойда яшашни бошлаган. Демак, отахон қарийб ярим асрни шу уйларда ўтказган.
– Уйда юракни ҳовучлаб ўтирамиз, – дейди отахон. – Набиралар ҳовлида ўйнаса ҳам, уйда бўлса ҳам хавотир оламан. Ёғин-сочинли кунларда гапирмаса ҳам бўлади, томдан чакка ўтиб кетади. Пенсияга чиққунимча ҳам бир неча марта ҳужжат тайёрлашди, қанақадир рўйхатга олишди, аммо ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Қачон бошпанамизнинг ҳужжати бўлади ёки бошқа жойдан бизга уй ажратиларкин, деб кутиб ўтирибмиз.






















