Уй-жой сотиб олишда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш ва қурилиш объектининг қонунийлигини текшириш мақсадида dshk.shaffofqurilish.uz геопортали ишга туширилган.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тасарруфидаги мазкур тизим орқали қурилиш объектларига оид маълумотларни текшириш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш ва шаҳарсозлик ҳужжатларига оид маълумотлар билан танишиш мумкин.
Порталда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган объектларнинг махсус реестри ҳам шакллантирилган. Унда объектларнинг манзили, майдони ва фотосуратлари жойлаштирилган.
Шунингдек, интерактив харитадаги рангли белгилар орқали қурилиш объектининг амалдаги ҳолатини билиб олиш мумкин. Хусусан, кўк ранг қурилиш ишлари қонуний давом этаётганини, қизил ранг ишлар тўхтатилганини, қора ранг эса қурилиш бекор қилинганини англатади.
Агар харидор қизиқиш билдираётган қурилиш объекти харитада умуман акс этмаган бўлса, бу унинг расмий рўйхатдан ўтмаганини англатиши мумкин.
Бундан ташқари, тизим орқали объект давлат назоратига олинган-олинмагани, ҳудуд бузилиш ёки реновация режаларига киритилган-киритилмаганига оид маълумотларни ҳам текшириш имконияти мавжуд.
Мутахассислар фуқароларга, айниқса янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан хонадон харид қилиш ёки қурилишга маблағ киритишдан аввал объект ҳақидаги маълумотларни расмий база орқали текшириб олишни тавсия қилмоқда.








