Шикоят хатида ёзилишича, Хўжаобод туманидаги 23-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб интернати 2018 йил қайта таъмирлашга топширилган. Таъмирлаш ишлари вақтида интернат ўқувчилари 18-умумтаълим мактабида ўқишни давом эттиришган.

2019-2020 ўқув йили аввалида, сентябрь ойидан 23-ДИМИ ўқувчилари тўлиқ таъмирланмаган, иситиш тизими носоз ва таъмирталаб ҳолатда қолган синфхоналарга қайтишган. Қишки мавсумда болалар шамоллаб қолган вазиятлар ҳам кузатилган.

Ота-оналар охирига етказилмаган мактаб қурилиш ишлари бўйича туман Халқ қабулхонаси, туман ҳокимлиги (ҳокимнинг биринчи ўринбосари), халқ таълими бўлими, вилоят халқ таълими бошқармаси ва вилоят прокуратурасига оғзаки тарзда мурожаат қилишган. Лекин бу мурожаатлар натижасиз қолган.

Жорий йил 8 февраль куни мактабда ўтказилган ота-оналар йиғилишида синфлардан бирининг раҳбари хоналарни таъмирлаш учун 50 минг сўмдан пул йиғиш кераклиги, 3-А ва 5-А синф ўқувчиларининг ота-оналари пул йиғиб, таъмирлашни бошлашганини айтган. Бундан норози бўлган ота-оналар масала бўйича юқори ташкилотга мурожаат қилишларини билдиришганида, мурожаат барибир ҳал бўлмаслиги, бу орада уларнинг фарзандлари совуқда ва чанг ичида ўқишда давом этишини маълум қилишган.

Шикоят хатида кўрсатиб ўтилган мана шу ҳолатларга ойдинлик киритиш ҳамда мактабдаги ҳақиқий аҳвол билан танишиш учун Хўжаобод туманига бордик. Манак қишлоғи гузари яқинида мурожаатчи ота-оналар кутиб туришган экан.

«Фарзандим 23-ДИМИда ўқийди. Қишки мавсумда кўп касал бўлгани учун синфхоналардаги ҳолатни ўрганиш мақсадида мактабга боргандим. Хоналар жуда ачинарли ҳолатдалиги, совуқлиги, полга солинган линолеум тўшама тўлиқ эмаслиги, бори ҳам кўчиб кетганини кўриб жоним ачиди. Бу масала бўйича бир неча ташкилотга мурожаат қилдик, аммо фойдаси бўлмади», дейди Нигорахон Раҳимова.