Kun.uz 13 февраль куни «Қаршидаги собиқ «Эҳтиёт қисмлар бозори» ҳақиқий эгасига қайтарилмаяпти: 14 йиллик сарсонгарчилик қачон барҳам топади?» сарлавҳали мақола эълон қилган эди.
Олий суд матбуот хизмати мақола юзасидан муносабат билдирди. Қуйида муносабат матни тўлиқ келтириб ўтилади.
«2018 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси Ж. Тиркашев томонидан даъвогар Эркин Сафаровнинг фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро судининг 2016 йил 8 июлдаги ҳал қилув қарори ва Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 4 июлдаги ажримига нисбатан келтирган назорат тартибидаги шикояти ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, даъвогар Э. Сафаров жавобгарлар «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖ, Қарши шаҳар ҳокимлиги ва Қарши шаҳар «Ермулккадастр» ДКга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси МЧЖни Қарши шаҳар Жайҳун кўчасида жойлашган ўзига тегишли Қурилиш материаллари бозоридан мажбурий тартибда чиқариш ва ушбу мажмуани қайтариб олиш, иншоотни ўзини номига давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятини Қарши шаҳар «Ермулккадастр» ДКга юклашни сўраган.
Фуқаролик ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция инстанциясининг 2017 йил 4 июлдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган Қарши туманлараро судининг 2016 йил 8 июлда қабул қилинган ҳал қилув қарори билан Э. Сафаровнинг даъво талаблари рад қилинган.
Даъвогар Э. Сафаров назорат тартибидаги шикоятида суд қарорларини бекор қилишни сўраган.
Қуйидагиларга кўра, даъвогар Э. Сафаровнинг назорат тартибидаги шикоятини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмас деб ҳисобланган.
Суд ҳужжатларидан кўринишича, Қарши шаҳар ҳокимининг 2001 йил 12 январдаги Х-19/1-сонли қарори билан Қарши шаҳар «Чори-С» хусусий фирмасига «Қурилиш материллари бозори» қуриш учун Қарши шаҳар Жайҳун кўчасидан 3,8 га ер майдони ажратилган.
Қарши шаҳар «Чори-С» хусусий фирмаси 2001 йил 16 июнда нотариал тасдиқланган шартномага биноан бозор мажмуасини Э. Сафаровга ҳадя қилган.
Қашқадарё вилоят Адлия бошқармасида 2003 йил 2 декабрда Қарши шаҳар «Ихтисослаштирилган автомобиллар бозори» савдо комплекси» МЧЖ 38-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилиб, МЧЖ Уставининг таъсисчилари сифатида Қарши шаҳар ҳокимлиги 51 фоизни, қолган 49 фоизи эса Э. Сафаров улушга эга бўлган.















