Жамият | 10:56 / 15.02.2020
14417
2 дақиқада ўқилади

Қора лойдан қутула олмаётган Қизилой: аҳоли муаммоларини ким ҳал қилади?

Kun.uz таҳририятига навбатдаги мурожаат Сурхондарё вилояти Узун туманининг Қизилой маҳалласидан келиб тушди. «Обизаранг» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Лойиқ Шерали кўчасида истиқомат қилаётган аҳоли йўл ва сув муаммосига дучор бўлиб турибди.

Маҳалла вакилларидан бири ўзларини қийнаётган муаммони қуйидагича баён этди.

— Бу ерда аҳоли истиқомат қилаётганига 30 йил бўлди. Мутасаддиларга минг раҳмат, маҳалламизда электр ва газ таъминотида муаммо йўқ.

Бироқ, кўчаларимизнинг аҳволи абгор. Болалар мактабга қатнашда қийналмоқда. Ичимлик суви йўқлигидан хотин-халаж 500-600 метр нарига, кўча бошига бориб артезиан қудуқдан сув ташиб келмоқда. Айниқса, эрта тонгда ва шом тушгандан кейин одамлар қийналмоқда.

Свет-газимиз бор, минг марта раҳмат, лекин йўл ва сув бизни қийнаб келмоқда, — дейди шу маҳаллада истиқомат қилаётган оқсоқоллардан бири Нуриддин Саидов.

Ҳа, маҳалла аҳли электр узатиш линиялари ва симёғочлар янгиланганидан, қувурлардан табиий газ келиб турганидан хурсанд. Чунки мана шу оддий шароитларга эга бўлмаган қишлоқлар шу туманнинг ўзида ҳам ўнлаб топилса керак.

Лекин улар қишлоғи фаровон бўлишини, шаҳардан кам бўлмаган шароитларда яшашни ҳам истайди: фарзандларининг мактабга қатнаши учун йўлнинг абгор ҳолатидан норози. Ҳеч бўлмаса, ёмғир-қор ёғганда шалаббога айланувчи лой кўчаларга шағал ётқизилишини исташмоқда. Бу борада улар мутасадди ташкилотларнинг ёрдамига муҳтож. Лой кўчалар қишлоқликларни ёғин-сочинли фаслларда шошириб қўйса, сув муаммоси йил бўйи қийнаб келмоқда.

Боз устига, аҳоли вакилларига кўра, маҳалла учун ажратилган йўлнинг бир қисмини фермер ариқ қазиб эгаллаб олган. Уларнинг бу важларига ҳам мутасадди ташкилотлар томонидан аниқлик киритиш талаб этилади.

Хўш, Қизилойнинг ишга қатнайдиган аҳолиси, мактабга шу кўчадан борадиган фарзандлари лойдан халос бўлишадими? Бу борада мутасаддилар нима дейди? Қизилойликларни қийнаётган масалаларни ҳал этишнинг имкони бормикан?

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид