Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги ўрмонда ёнғин чиқди. Вилоят ФВБ ахборот хизмати ҳодиса юзасидан расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 12 август куни соат 17:15 да “112” тизими орқали Бойсун давлат ўрмон хўжалигига қарашли Хомкон ўрмон бўлими ҳудудида қуруқ ўт ва шох-шаббалар ёнганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Ҳодиса жойига Сурхондарё вилояти ФВБ ҳамда Бойсун давлат ўрмон хўжалигининг куч ва воситалари жалб этилган. Ёнғинни бартараф этиш ишларига ФВБдан 194 нафар шахсий таркиб ва 8 та техника, Бойсун давлат ўрмон хўжалигидан 60 нафар шахсий таркиб ва 3 та техника, шунингдек, маҳаллий аҳолидан 55 нафар кўнгилли фуқаро жалб этилган.

15 август соат 9:00 ҳолатига кўра, ёнғин тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида тахминан 1 гектар майдондаги қуруқ ўт ва шох-шаббалар ёнган. Тан жароҳати олганлар тўғрисида маълумот келиб тушмагани билдирилган.

Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби аниқланмоқда.