Компания қурилишни бошлашга киришишдан аввал тупроқни ўрганиш ишлари бошланди. Янги иссиқлик электр станцияси Сирдарё ИЭС яқинида барпо этилади ва замонавий буғ-газ қурилмалари билан (БГҚ) жиҳозланиши туфайли унинг самарадорлиги амалдагидан 1,7 баробар юқори бўлади. 

Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, янги ИЭСда умумий қуввати 1250-1500 МВтга тенг бўлади. Сирдарё ИЭС энергоблокларидан деярли икки баробар самарали бўлган H/J тоифасига мансуб иккита буғ-газ қурилмаси ўрнатилади. Янги қурилмалар табиий газнинг шартли миқдори ҳисобидан икки баробар кўп электр энергиясини ишлаб чиқаради.

Сармоядор самарадорлиги 60 фоиздан юқори бўлган, йилига 10,0 миллиард кВт/с электр энергия ишлаб чиқариш имконига эга бўлган қурилмаларнинг энг охирги моделларидан фойдаланади.

Янги иссиқлик электр станциясининг қурилиши тўғридан-тўғри хусусий инвестициялар ҳисобидан тўлиқ амалга оширилади ва ишлаб чиқарилган электр энергияси узоқ муддатли шартнома асосида сотилади.

Мазкур инвестиция лойиҳаси муҳокамаси энергетика вазири Алишер Султоновнинг жорий йилнинг 7 февралида Саудия Арабистони энергетика вазири ўринбосари Абид бин Абдулла ас-Саъдун бошчилигидаги делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинган эди. Делегация таркибидан ACWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунаян ва компаниянинг бошқа мутасадди вакиллари жой олган эди.