Наманганда Сирдарё дарёсига чўккан йигитни излаш жараёнида бошқа фуқаро жасади топилди. Бу ҳақда вилоят ФВБ хабар берди.

Маълум қилинишича, 2026 йил 26 июл куни тушда 112 қисқа рақамига мурожаат келиб тушган. Унда Наманган шаҳрида яшовчи 22 ёшли фуқаро Наманган тумани Шўрқўрғон маҳалласи ҳудудида Сирдарё дарёсига тушиб кетгани хабар қилинган.

Наманган вилояти ФВБ махсус қутқарув отрядининг сувда қутқарув гуруҳи ғаввослари томонидан қидирув-қутқарув ишлари олиб бошланган. 27 июл куни бошқа бир фуқаронинг жасади дарёдан топилган.

“Жорий мавсум давомида чўмилиш тақиқланган ҳудудларда чўмилиш оқибатида бир неча фуқаро ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирги вақтда ҳам чўмилиш тақиқланган жойларда чўкиб кетган 2 нафардан ортиқ фуқарони қидириш ишлари давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.

Бошқарма ота-оналардан фарзандларини назоратсиз сувга тушишига йўл қўймасликни сўраган.

Аввалроқ Жиззахдаги сунъий ҳовузда уч нафар қиз чўкиб кетганди.