Ягона истисноли ҳолат - Япония қирғоқлари яқинида карантинга олинган круиз лайнерида кузатилмоқда, кемада яна 44 кишида вирус аниқланган.
ЖССТ маълумотларига кўра, касалланганлар орасида ўлим ҳолати кескин ўсиши ёки касалларнинг аҳволи оғирлашиши сезиларли даражада ошмаган. Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда коронавирусдан яна 122 киши вафот этган, инфекция қурбонлари сони 1381 нафарга етган.
Хитой Соғлиқни сақлаш масаласи бўйича миллий комиссия хабарига кўра, 14 февраль куни вирусдан зарарланганлар сони 63 851 нафарни ташкил этган.
Вафот этганлар орасида - олти киши тиббиёт ходимларидир, жами 1716 нафар тиббий ходим вирусдан зарарланган.
Вафот этган шифокорлардан бири Ли Вэнлиань январь ойи бошидаёқ вирус ҳақида ҳукуматни огоҳлантирган, аммо у миш-миш тарқатишда айбланганди. У 2019-nCov ҳақида биринчи бўлиб хабар берганлардан эди, у шифохонада беморлардан вирус юқтириб олди ва 7 февраль куни вафот этди.
Хубэй провинциясида 13 февраль куни 116 ўлим ва 4823та вирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолат қайд этилган. Бу бир кун аввалги кўрсаткичлардан кам, 12 февраль куни 240 киши ҳалок бўлган ва 15 мингга яқин киши вирус юқтиргани аниқланганди.
ЖССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда ҳолатлар бўйича дастури раҳбари Майк Райаннинг сўзларига кўра, бу маълумотлар касаллик тарқалиши кўрсаткичлари кескин кўтарилишини англатмайди.

Унинг қўшимча қилишича, Хитойдан ташқарида икки киши вафот этганидан ташқари, 24 мамлакатда жами 447 киши вирусдан зарарланган.
13 февраль куни Япония ҳудудида коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилганди. Токиодан шимоли-ғарбдаги Канагава шаҳарчасида яшаган 80 ёшли аёл оламдан ўтган.

Япон нашрлари хабарига кўра, унга ташхис ўлимдан кейин қўйилган, у коронавирус ўчоғи саналган Хубэйда бўлмаган.
13 февраль куни АҚШ Давлат департаменти Шимолий Корея ҳудудида касаллик кенг тарқалиши мумкинлигидан хавотир билдирган, бу давлат ҳукумати ҳозирга қадар касаллик билан боғлиқ ҳеч қандай маълумот бермаган.
«Даймонд принцесс» лайнерида нималар бўлмоқда?











