
Фан Бин ва Чэнь Цюшининг видеолари YouTube порталида машҳур бўлиб кетди, аммо ҳозир улар янги контент тақдим қилишни тўхтатишди, уларнинг қариндошлари эса улар ҳозир қаердалигини била олишмаяпти.
Чэнь Цюши ғойиб бўлгач унинг ижтимоий тармоқдаги аккаунтларини юритаётган дўстининг айтишича, у пайшанба куни шифохонага борганида мажбурий равишда карантинга жойлаштирилган.
Чэннинг твиттерда 200 мингдан ортиқ фолловери бор, YouTube каналидаги обуначилари сони эса 400 мингдан ортиқ. У доимий равишда Ухандаги янгиликларни ёритиб борар, шифохоналардаги аҳвол ҳақида ҳикоя қилар, беморлар ҳамда шифокорлар билан гаплашарди.
Бу воқеалар Хитой интернетидаги цензурадан дарак беради.
Фан Бин ҳақида нималар маълум?
Уханлик тадбиркор Фан Бинь вирус тарқала бошлаганида «шаҳардаги ҳақиқий вазият ҳақида хабар бериб бориш» учун видеолар тайёрлай бошлаган.

25 январь куни у Хитойда тақиқланган YouTube порталида VPN’дан фойдаланган ҳолда биринчи видеосини эълон қилган.
Дастлабки видеороликларида у асосан машинасида шаҳар кезади ва турли туманлардаги вазиятни намойиш этади - видеолар 1000 мартадан ошиқ кўрилади.
Кейин 1 февраль кунги видеосида у Ухандаги шифохона олдида турган, ичига 8 жасад солинган микроавтобусни намойиш этади. Бу видео 200 минг мартадан ошиқ кўрилади.
Фаннинг айтишича, ўша куниёқ полиция унинг уйига келган ва видео бўйича сўроқ қилган. Уни олиб кетишган, қатъий огоҳлантиришган, кейин қўйиб юборишган.
9 февраль куни у 13 сониялик видео эълон қилган ва унда «барча одамларни кўтарилиш ва ҳукуматни халққа қайтариш»га чақирган.
Шундан кейин унинг аккаунтида ҳеч қандай янгиланиш бўлмаган.
Чэнь Цюши ҳақида нималар маълум?
Муқаддам таниқли адвокат ва ҳуқуқ фаоли бўлган Чэнь коронавирус эпидемияси бошлангач видеожурналистга айланди. Уни инсон ҳуқуқлари соҳасида яхши билишарди. У ўтган йил мобайнида Ҳонгконгдаги воқеаларни ёритиб бориши орқали катта машҳурликка эришган.

















