Бахтиёр Ғанижонов билан Украинага сафаримиз давомида суҳбатлашдик.
10 йилдан буён Львов вилоятида тадбиркорлик қилиб келаётган 43 ёшли шаҳрихонлик ҳамюртимиз Украинадаги бизнес муҳит, тадбиркорларга яратилган шароитлар, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти ва у билан боғлиқ масалалар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
«Айни пайтда «поддон» (ёғоч таглик) чиқарадиган кичик цехимиз бор. Ҳамкорларимиз билан уни Европага экспорт қиламиз. Бундан ташқари, Ўзбекистондан мева-сабзавотлар ва тикувчилик маҳсулотларини Украинага импорт қиламиз», – дейди Бахтиёр Ғанижонов.
Украинадаги бизнес муҳити ҳақида
– 2010 йилда Украинанинг Львов вилоятига дам олиш учун келганман. Аммо муҳитнинг қулайлигини кўриб, якка тадбиркор сифатида иш бошлаганман. Ўзбекистондан тикувчилик маҳсулотларини импорт қилганмиз.
Ўша пайтда тадбиркорнинг бир ойлик тўланадиган солиғи 25 АҚШ доллари бўлган. Ҳозир мана 65-66 долларга кўтарилди. Шуни тўлагандан кейин тадбиркор 60 минг долларлик «оборот» қилишга ҳақли бўлади.
Йилда фақат бир марта солиқ ҳисоботини топширасиз. Солиқ инспекторини ҳатто кўрмайсиз. Банкда ҳамма нарса электронлаштирилган, масофадан бажарилади. Ҳисоб рақамингиздаги пулни валютага конвертация қилиб, хоҳлаган давлатга чиқара оласиз.
Банкда тадбиркорга бириктирилган махсус менежер бўлади. У билан мулоқот қилиб турасиз. Агар хорижга пул чиқармоқчи бўлсангиз, заявкани электрон тарзда, масофадан туриб тўлдирасиз. Ўша куниёқ пулни хоҳлаган давлатга чиқара оласиз.
Ўзим ўша пайтда Украинага 1 ой дам олгани келганман ва бизнес муҳитининг қулайлигини кўриб, тадбиркорлик қилиш учун қолиб кетганман.

Украина солиқ тизими ҳақида
– Бу жуда қизиқ. Ҳисоботлар йиллик топширилади, бу мажбурий. Аммо ихтиёрий тарзда ҳар кварталда ҳам топширса бўлади. Қизиғи шундаки, 10 йилдан бери ишлаётган бўлсам-да, бирор марта солиқчининг текшириб келганини кўрмадим. Фақат ўз вақтида ҳисобот топширилса бўлди.




















