Вазирлар Маҳкамасининг “Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомаласи соҳасидаги низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қайд этилишича:
а) “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида” 1999 йил 19 августдаги қонунга мувофиқ гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади;
б) Президентнинг “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 11 апрелдаги фармонига биноан ички ишлар органлари томонидан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташишга рухсатномалар берилиши бекор қилинган;
в) Вазирлар Маҳкамасининг “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 2002 йил 28 июндаги қарори билан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши соҳасидаги фаолиятини лицензиялаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига юкланган;
г) Вазирлар Маҳкамасининг “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни лицензиялаш тўғрисида” 2003 йил 16 июлдаги қарорига асосан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш ва ташиш фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади, лицензия олиш учун улар томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ички ишлар органларининг объектнинг техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси тақдим этилади.
Қуйидагилар:
Объектлар (хоналар)нинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга мувофиқлиги тўғрисида хулосалар бериш тартиби ҳақидаги низом;
Ўзбекистон ҳудудида гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ўзбекистон ҳудудида гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ташиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан иборат юкларнинг юк жўнатувчиси ва юкни қабул қилиб олувчиси фақат гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган юридик шахслар бўлиши мумкин.








