17:42 / 18.02.2020
2
40112

Бекобод туманида ҳам ҳоким ўзгарди

Бекобод тумани ҳокими Неъмат Абдуллаев ўз вазифасидан озод этилди.

Бугун, 18 февраль куни Халқ депутатлари Бекобод тумани Кенгашининг навбатдан ташқари тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессия ишида ташкилий масала кўрилган ва туман ҳокими Неъмат Озодович Абдуллаев лавозимидан озод этилган.

Вилоят ҳокими Рустам Холматов Бекобод туманини иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг энг муҳим жиҳатларига тўхталган, хусусан, экспорт, инвестиция, ёшлар билан ишлаш, уларни иш билан таъминлаш каби устувор масалаларда Бекобод тумани вилоятда энг охирги ўринларда бораётганини танқид қилган. 

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беришича, Бекобод тумани ҳокими вазифасига Фурқат Абдусаломович Худойбердиев номзоди тавсия этилган, муҳокамалардан сўнг у Бекобод тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланган.

Фурқат Худойбейбердиев / Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

 Фурқат Худойбердиев 1979 йили Бўка туманида туғилган. У 2000 йилда Тошкент давлат аграр университетини, 2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

Ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Фурқат Худойбердиев Тошкент вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган.

Туманнинг собиқ ҳокими Неъмат Абдуллаев 2018 йилнинг сентябрида давозимга тайинланганди.

Бундан аввалроқ Тошкент вилоятининг Бўка туманида ҳам ҳоким ўзгаргани хабар қилинганди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top