19 февраль куни Нурафшон шаҳрида – вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда давлат раҳбарининг Тошкент вилоятига ўтган йил июнь ойида қилган ташрифида берилган топшириқларнинг ижросини бориши, ҳудудни 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг долзарб масалалари танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича дастлаб Президент маслаҳатчиси Шерзод Кудбиев сўзга чиқиб, давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, энг аввало, халқ ишончи ва меҳрини қозониши шартлиги, бу – уларнинг фаолиятига баҳо беришнинг энг асосий мезони эканини таъкидлади. Президент маслаҳатчиси, шунингдек, топшириқлар натижадорлиги бўйича бошқа устивор жиҳатларга алоҳида тўхталди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди – Тошкент вилояти ҳокимига иккита янги ўринбосар; Тошкент вилояти Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи, унинг ўринбосарлари тайинланди.
Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосарлар тайинланди
Кун тартибидаги масалалар бўйича Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов нутқ сўзлади. У давлат раҳбари томонидан берилган топшириқ ва вазифаларнинг ижроси юзасидан ҳудудлар кесимида фикр билдирди. Вилоятнинг маъмурий маркази – Нурафшон шаҳрини замонавий шаҳарсозлик андозаларига мос равишда барпо этишда йўл қўйилаётган камчиликлар, сусткашликлар, уларнинг сабаблари юзасидан ўз мулоҳазаларини баён қилди.
«Яқин истиқболда Нурафшон шаҳрига метро қатнови йўлга қўйилади. Шунингдек, инфраструктурани ривожлантириш масалалари бўйича айни пайтда вилоят ҳокимлиги билан қатъий иш олиб бораяпмиз. Ичимлик суви, йўл қурилиши, коммуникация ва канализация тармоқларини қуриш бўйича катта ҳажмдаги ишлар жадал давом этмоқда», дея Очилбой Раматовнинг сўзларини келтирмоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров сўз олиб, Ўзбекистон миллий иқтисодиётида Тошкент вилоятининг тутган алоҳида ўрни, нуфузи бўйича фикр билдирди.
«Ҳеч бир муболағасиз айтиш керакки, мамлакатимизнинг миллий иқтисодиёти – Тошкент вилояти иқтисодиётининг ривожланишида акс этади. Шу пайтгача давлатимиз раҳбарининг топшириғи ва кўрсатмалари билан амалга оширилган ишларнинг мароми ҳудуд потенциалига нисбатан олганда қониқарли деб бўлмайди. Янги тайинланган раҳбарлар вилоят ҳокими атрофида маҳкам жипслашиб, ишни ташкил қилса, ўйлайманки, натижа янада юксакроқ бўлади», деди у.















