19 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг таклифига биноан Туркияга ташриф буюрди.

Ташрифнинг биринчи куни тиғиз кун тартиби ва хилма-хил тадбирлар билан ўтди. Қуйида расмий ташрифнинг биринчи кунида рўй берган энг муҳим воқеаларига келтирилади.

Отатурк қабри зиёрати

«Эсонбуға» халқаро аэропортида Туркия ҳукумати аъзолари, Анқара музофоти ва шаҳар раҳбарияти иштирокида кутиб олинган Шавкат Мирзиёев куннинг иккинчи ярмида Анқарадаги Аниткабир ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Мустафо Камол Отатурк қабрига гулчамбар қўйди.

Ушбу мақбаранинг Туркия тарихида ўзига хос ва алоҳида ҳурмат қилинадиган ўрни бор.

1919 йилда Анқара шаҳри Мустафо Камол (1934 йилда парламент қонуни билан унга Отатурк номи берилган) бошчилигидаги инқилобий кучларнинг асосий штаб квартирасига айланади ва 1920 йил апрель ойида шаҳарда миллий ҳукумат – Туркия Буюк Миллат мажлиси (парламент) чақирилади.

1923 йилда Туркия мустақил давлат деб эълон қилинади. Бу ишларга эса Туркиянинг биринчи президенти Мустафо Камол бошчилик қилади.

У шунингдек, Туркиянинг бугунги тараққиётини белгилаб берган сиёсий, ижтимоий ва маданий ислоҳотларни амалга оширган. 

Мустафо Камол Отатурк вафотидан кейин у дафн қилинган жой – Малтепа кварталида Аниткабир мақбараси қурилади.

Мажмуа халқ учун алоҳида қадрли жойга айланган. Жумладан, ҳозирда мамлакатдаги ҳар бир янги ҳукумат вакиллари ўз вазифасига киришишдан аввал ушбу мақбарага келиб, миллий қаҳрамон хотирасини ёд этади.

Шавкат Мирзиёев мажмуага ташрифида Отатурк хотирасига атаб ташкил қилинган музейда ҳам бўлди.

Музейда Мустафо Камол Отатуркнинг шахсий буюмлари ва кутубхонаси жойлашган. Бундан ташқари, музейда Туркия миллий қаҳрамони бошқарган машиналарни кўриш мумкин.

Шавкат Мирзиёев ташриф якунида мақбарадаги фахрий меҳмонлар китобига ҳам имзо қўйди.

Президентлар учрашуви