Президент Шавкат Мирзиёев Корея Республикасига давлат ташрифи доирасида 15 сентябр куни мамлакат Миллий Ассамблеяси спикери Чо Чжон Шик билан учрашув ўтказди.

Мулоқотда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришда икки мамлакат парламентлари муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди.

Айни пайтда парламентлараро «дўстлик гуруҳлари» фаолият юритмоқда, парламент делегацияларининг мунтазам ташрифлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, икки давлат қонун чиқарувчи органларининг тегишли қўмиталари ўртасида тажриба алмашинуви йўлга қўйилган.

Корея Миллий Ассамблеяси ва Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмагида Ўзбекистон Олий Мажлисининг ҳар икки палатасида «Электрон парламент» лойиҳаси амалга оширилаётгани ҳам қайд этилди.

Учрашувда олий даражада эришилган келишувларнинг амалга оширилиши устидан парламент мониторингини таъминлаш учун алоҳида ҳамкорлик механизмини яратиш зарурлиги таъкидланди. Бунда, аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги келишувларга эътибор қаратилади.

Учрашув якунида 2027 йилда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 35 йиллиги муносабати билан «парламент дипломатияси» йўналишида қатор тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.