Мусобақанинг иккинчи кунида 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларини терма жамоамиз ҳисобига ёзиб қўйишди.

Осиёнинг энг кучлиларини аниқлаб берувчи ушбу мусобақада -67 кг вазн тоифасида курашларда қатнашган Маҳмуд Бахшиллоев чорак ва ярим финал баҳсларида Сурия ва Ҳиндистондан ташриф буюрган курашчиларни таслим этган ҳолда финалга йўл олди.

Финалда эса ҳамюртимиз жанубий кореялик Хансу Рюга қарши кураш олиб борди. Муросасиз кечган жангда Бахшиллоев кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медаль эгасига айланди.

Шунингдек, -60 кг вазнда Исломжон Баҳромов, -82 кг вазнда Жалгасбай Бердимуратов, -97 кг вазнда Муҳаммадали Шамсиддинов бронза медаллари билан тақдирланди.

Умумий ҳисобда спортчиларимиз Осиё чемпионатида 1 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритган ҳолда қитъада Эрондан сўнг иккинчи ўринни эгаллашди.

Маълумот учун, биринчи кун баҳсларида уч нафар ўзбекистонлик шоҳсупага кўтарилган, улардан Элмурат Тасмурадов бешинчи бор Осиё чемпиони бўлган эди.