Маълум бўлишича, Ўзбекистон Президентининг 2014 йил 17 ноябрдаги 2264-сонли қарорига асосан Янги Тошкент айланма йўлининг участкаларини қуриш ва реконструкция қилиш кўзда тутилган. Жумладан, 4Р250 «Тошкент – Чингелди» автомобиль йўлининг 17–34-километри «Кўприк қурилиш трести» УК томонидан қурилиши белгиланган. Эски йўл кенгайтирилиши ҳисобига бу ердаги бир қанча иморатлар бузилишга тушган.

«Йўл четида янги қурилган «лоток»нинг ўрнида деворимиз бўларди. Шу ерда ҳожатхона, ҳаммомларимиз бор эди. Уйларимиз «барак» уйлар бўлгани учун ҳожатхона ва ҳаммомларимизни ташқарига, атрофини девор билан ўраб қурганмиз. Шу жойни бир кунда бузиб ташлашди. Ҳеч қандай огоҳлантириш беришмади.

Бу қурилмалар «қизил чизиқ»қа тушган, уларни ўзбошимчалик билан қуриб олгансизлар деб бузиб ташлашди. Шу баҳона билан компенсация ҳам тўлаб беришгани йўқ. Ҳозир водопровод йўқ, ювинишга жой йўқ, қийин шароитда яшаяпмиз. Жойларимиз 2018 йилнинг ноябрида бузиб ташланганди», дейди шикоятчилардан бири Акмал Ҳотамов.

«Мендаям шу муаммо. Бу масалада мурожаат қилиб бормаган жойимиз қолмади. Бош прокуратура, Тошкент вилоят ҳокимлиги, судга бордик. Мурожаатларимизга ҳамма идорадан бир хил, яъни бузилган қурилмалар ўзбошимчалик билан қурилган, деган жавоб келган.

Бу ерда 50 йилдан бери яшаймиз. Бу «барак» 1966 йилда қурилган. Бу уй ҳозир саксондан ошган онамга паррандачилик фабрикаси томонидан берилган, 2003 йилда онам уйни хусусийлаштириб олган. У пайтда йўл анча нарида, йўловчилар учун йўлак деворимизнинг орқасидан ўтарди, улар ҳеч кимга халал бермаган.

Тўғри, бу жойлар кадастрга кирмаган, деворларимиз бузилганда мутасаддилар келганди, уларга бу жойларимизниям ҳужжатлаштириб беринглар деганимда: «Деворингни тикласанг, кадастр қилиб берамиз», дейишди. Бу одамнинг устидан очиқчасига кулиш-ку, ҳозир нима қилишни билмаяпман», дейди бошқа мурожаатчи Ирина Капустина.