Япониянинг Нагоя шаҳрида XX ёзги Осиё ўйинлари футбол турнири бошланди.

Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси гуруҳ босқичининг дастлабки ўйинини Филиппинга қарши ўтказиб, йирик - 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Голлар Муҳаммадали Ўринбоев, Саидумархон Саиднуруллаев (2), Рўзибой Файзуллаев ва Муҳаммадали Реимов ҳисобига ёзилди.

Гуруҳнинг яна бир баҳсида Вьетнам ва Кувайт 1:1 ҳисобидаги дурангни қайд этди.

Бош мураббий Равшан Ҳайдаров шогирдлари 2-турни 18 сентябр куни Кувайтга қарши ўтказади.

Осиё ўйинлари футбол турнирида 15 та жамоа тўртта гуруҳга ажратилган. Гуруҳда 1- ва 2- ўринни эгаллаган жамоалар плей-офф босқичига йўл олади.

Регламентга кўра, жамоалар 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат таркиб, шунингдек, 23 ёшдан катта 3 нафар футболчи билан иштирок этиши мумкин. Ўзбекистон терма жамоаси турнирда 21 ёшгача бўлган таркиб билан иштирок этмоқда. Бу Лос-Анжелес - 2028 олимпиадаси саралашида қатнашувчи жамоанинг етарлича тажриба тўплаши учун шундай қилинди.

Осиё ўйинлари футбол турнири 1990 йилдан буён ўтказилади. Турнирда Эрон ва Жанубий Корея 3 мартадан ғолиб бўлган. Шунингдек, Ўзбекистон (1994 йилда), Қатар ва Япония ҳам олтин медалларни қўлга киритган.

Осиё ўйинлари 2026, С гуруҳи, 1-тур, Нагоя, 15 сентябр

Ўзбекистон - Филиппин 5:1

Голлар: Муҳаммадали Ўринбоев (30), Саидумархон Саиднуруллаев (60, 70), Рўзибой Файзуллаев (72), Муҳаммадали Реимов (80) - Жошуа Мерино (62).

Ўзбекистон: Самандар Муратбаев, Саидхон Ҳамидов, Дилшод Муртазоев (Нурлан Ибраимов 74), Ғиёсжон Ризақулов, Равшан Хайруллаев, Сардор Баҳромов, Саидумархон Саиднуруллаев (Муҳаммадали Реимов 74), Муҳаммадали Ўринбоев (Шодиёр Шодибоев 58), Асилбек Жумаев (Ойбек Ўрмонжонов 79), Рўзибой Файзуллаев, Оллаберган Каримов (Азизбек Тўлқинбеков 58)

Четлатиш: Гавин Муенс (Филиппин, 48)