15 сентябр куни Самарқандда шахмат тарихидаги энг йирик жамоавий турнир — 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтади. Мусобақада бутун дунёдан рекорд ҳисобдаги 398 та жамоа, 1974 нафар шахматчи ва 240 нафар гроссмейстер иштирок этади.
Турнир фаворитлари
Аёллар ўртасидаги турнирда амалдаги чемпион — энг кучли таркибда келган Ҳиндистон терма жамоаси олтин медалга асосий даъвогар ҳисобланади. Бошланғич рақамларга кўра, ҳиндистонликларнинг асосий рақиблари Гуржистон, Хитой, Қозоғистон ва АҚШ жамоалари бўлиши кутилмоқда.
Эркаклар турнирида АҚШ терма жамоаси биринчи бошланғич рақамни олди. Иккинчи ўринда — таркибида ҳозирги шахмат қироли Гукеш Доммаражу иштирок этаётган 2024 йилги чемпион Ҳиндистон терма жамоаси. Учинчи рақам — турнир мезбони, Жавоҳир Синдаров бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоасига тегишли.
Мусобақа формати
Олимпиада Швейцария тизими бўйича 11 турда ўтказилади. Ҳар бир жамоа таркиби 4 нафар асосий ва 1 нафар захира ўйинчидан иборат. Вақт назорати классик: дастлабки 40 та юриш учун 90 дақиқа ва қолган партия учун 30 дақиқа, биринчи юришдан бошлаб ҳар бир юришдан кейин 30 сония қўшилади.
Матчдаги ғалаба учун жамоа икки очко, дуранг учун эса бир очко олади. Очколар тенг бўлиб қолганда, қўшимча кўрсаткичлар ҳисобга олинади: Бергер коэффициенти (рақиблар тўплаган очколар йиғиндиси) ва жамоа иштирокчиларининг шахсий ҳисобдаги умумий натижаси.
Совринлар
Эркаклар ўртасидаги турнир ғолиби Лорд Фредерик Густавус Гамильтон-Рассел кубогини қўлга киритади.
Аёллар ўртасидаги турнир ғолиби эса — Вера Менчик кубогини.
Иккала турнирда ҳам якуний ўринлар йиғиндиси энг кам бўлган мамлакат Нона Гаприндашвили кубоги билан тақдирланади.
FIDE президенти сайлови
Турнир билан бир вақтда FIDE Конгресси бўлиб ўтади. 26 сентябр кунги Бош ассамблеяда Халқаро шахмат федерациясининг янги президенти сайланади. Бу лавозим учун учта номзод кураш олиб боради: германиялик Ян-Ҳенрик Бюттнер, россиялик Вадим Розенштейн ва қозоғистонлик Тимур Турлов.















