Weforum.org нашри маълумотларига кўра, коронавирус (COVID-19) тарқалиши бутун дунё ишлаб чиқариш тизимига, глобал қиймат занжирига салбий таъсир қилмоқда. Унинг оқибатлари эса бизнес вакиллари, истеъмолчилар ва халқаро иқтисодиётга таъсир этиши мумкин.
Айни пайтда кўплаб компания раҳбарлари бу вазиятда қандай қилиб ўз ишчиларини ҳимоя қилиш, таъминот хавфсизлигида ишончни мустаҳкамлаш, маркетинг ноаниқликларини тўғри аниқлай олиш каби муҳим саволлар қаршисида қолмоқда.
Глобал қиймат занжири - иқтисодий тараққиёт ва ЯИМ ўсишида муҳим омилдир. У нарх рақобатбардошлигини шакллантириш ва оптималлаштиришда муҳим саналади. Коранавирус эса ишлаб чиқарувчи компанияларга мана шу рақобатбардошликнинг хавф остида қолишига тайёр туриш зарурлигини кўрсатмоқда.
Хавфнинг янги тури иқтисодда
COVID-19 аллақачон халқаро бозорга ўз таъсирини ўтказиб улгурди. Масалан, вирус қўрқуви халқаро ёқилғи нархига таъсир қилди. Хитой қайта ишловчилари ўзларидаги ички талаб пасайишини тахмин қилиб, нефт қайта ишлаш суратини камайтирмоқдалар. Хитой талабининг пасайиши эса таъминотчилар учун истиқбол режалари қоронғилашишига сабаб бўлмоқда.
Reuters таҳлилларига кўра, Хитой иқтисодий ўсиши 2020 йилнинг биринчи чорагида 4,5 фоизга пасайиши кутилмоқда. Бу 2008 йилдаги иқтисодий инқироздан бери содир бўлган энг кучли пасайиш эканлиги ва унинг халқаро иқтисодга 1,1 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар келтириши кутилмоқда.
Бунда охирги натижа қандай бўлиши маълум эмас, бироқ тахминларга кўра, коранавирус таъсири олдинги тажрибалар зарарларидан кўра кўпроқ бўлади.
Қиймат нуқтайи назаридан қараганда, 2003 йилдаги SARS эпидемияси ёки 2011 йилда содир бўлган Фукушима атом муаммоси бугунги коранавирус зараридай хавфли бўлмагани аниқ.
Чунки ҳозир Хитой ривожланган ва глобал иқтисодиёт билан интеграцияси кучли. Агар 2003 йилда халқаро ишлаб чиқаришнинг 9 фоизи Хитойга тўғри келган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 28 фоизни ташкил қилади. Бундан ташқари, мамлакат транспорт билан боғлиқ ишларини ҳам жуда яхши йўлга қўйган.













