Ўшанда журналист Листьев ОРТ (Общественное Российское Телевидение — Россия жамоатчилик телевидениеси, ҳозирги «Первый канал») директори сифатида иш бошлаганига энди бир ой бўлган эди.

1956 йилнинг 10 майида Москва шаҳрида туғилган Владислав Листьев кейинчалик Москва давлат университетининг журналистика факультетининг халқаро бўлимини тугатган. 1982 йилда ўқишни тугатгач, СССР давлат телерадио қўмитасининг бош пропаганда таҳририятига хорижий давлатларга радиоэшиттиришлар муҳаррири бўлиб ишга кирган.

1987 йилда у Марказий телевидениенинг ёшлар таҳририятига ишга ўтиб, «Взгляд» дастури бошловчиларидан бири бўлади. «Взгляд» дастурининг муваффақиятидан илҳомланган Листьев ва унинг ҳамкасблари «ВИD» («Взгляд И Dругие») телекомпаниясига асос солишди. Бу комапния ҳануз «Первый канал» учун айрим теледастурларни тайёрлаб келмоқда.

Листьев 1991 йилдан «ВИD» телекомпаниясининг бош продюсери, 1993 йилнинг октябридан унинг президенти бўлади. «ВИD» телекомпаниясида ишлаган вақтларида Листьев «Поле чудес» («Мўъжизалар майдони») капитал-шоуси, «Тема» («Мавзу») ва «Час пик» («Тиғиз вақт») каби телекўрсатувлар муаллифи ва бошловчиси бўлди. Шунингдек у «Звёздный час» («Юлдузлик соати»), «L-клуб», «Серебряный шар» («Кумуш шар») ва «Угадай мелодию» («Навони топ») дастурлари дастурларини яратган.

Фото: Николай Малишев / ТАСС

Айнан шу даврда у компаниядаги шериклари билан можарога кириша бошлаган. «Влад Листьев. Пристрастный реквием» («Влад Листьев. Оташин мотам куйи») китобида ёзилишича, Листьев компания президентлигидан ўз ҳамкасблари томонидан кетказилган (унинг ўрнини Александр Любимов эгаллайди).

Фото: Виталий Савельев / РИА «Новости»

1995 йилнинг январида Листьев «ВИD» телекомпаниясидан кетади ва 31 январь куни Биринчи каналнинг ОРТ телекомпаниясига бош директор этиб тайинланади. Россиялик ёзувчи ва журналист Александр Кондрашов ўзининг «Қайта қуриш битллари» китобида шундай ёзади: «Березовский ОРТнинг бош директорлиги лавозимига Листьевни танлашига сабаб — барча номзодлар ичида фақат унинг «титулли бешинчи пункти» бор эди». Яъни, ёзувчи Листьев яҳудий миллатига мансуб бўлганига шама қилмоқда.