Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий рўйхатга олишни ташкил этиш ва юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Йўриқномага кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш - Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир.

“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳарбий хизмат муддатли ҳарбий хизмат, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат, контракт бўйича ҳарбий хизмат ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати каби хизмат турларидан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари захирасида ва резервида турувчи фуқаролар - ҳарбий хизматга мажбурлар деб, ҳарбий хизматга чақириладиган ва туман (шаҳар) чақирув участкаларида қайд этилган шахслар - чақирилувчилар деб аталади.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчилар ҳарбий рўйхатдан ўтишлари зарур. Тиббий тайёргарликка ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхатдаги тегишли ҳарбий ихтисосликка турдош касб бўйича тайёргарликка эга бўлган аёллар жинсига мансуб шахслар ҳарбий хизматга мажбурлар ҳарбий рўйхатига киритилади.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни ҳарбий рўйхатдан ўтказиш давлатдаги мавжуд ва ҳарбий хизматга яроқли чақирилувчилар ресурсларини ҳисобга олиш ҳамда таҳлил қилишнинг умумдавлат тизими ҳисобланади. У жойлардаги бошқарув ва давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ҳарбий бошқарув органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхона, муассаса, ташкилотлар, шу жумладан, таълим муассасаларининг раҳбарлари томонидан идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар яшаш, ишлаш ва ўқиш жойлари бўйича олиб борилади.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларни ҳарбий рўйхатга олиш тизими мамлакатда амал қилувчи паспорт тизими билан боғлиқ ҳолда юритилади. Рўйхатга олиш тизимининг фаолият кўрсатиши Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимликлари томонидан таъминланади.

Ҳарбий хизматга мажбурлар ва чақирилувчиларнинг ҳарбий рўйхати умумий, махсус ва шахсий рўйхатга бўлинади.

Махсус ҳарбий рўйхатда сафарбарлик даври ва уруш даври учун давлат бошқаруви органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга бронлаштириб қўйилган ҳарбий хизматга мажбурлар турадилар.